Компьютердаги оператив хотира (RАМ, ОЗУ) ҳақида

Компьютердаги оператив хотира (RАМ, ОЗУ) ҳақида

Ҳозирги кунда асосан катта ҳажмдаги дастурлар, ўйинлар билан компьютерни банд қилганда, компьютерга тушаётган юклама асосан оператив ҳотира (RAM Random Access Memory, оперативное запоминающее устройство, ОЗУ) деб аталувчи хотира турига тушади. Бу хотиранинг ўлчами дастур ва ўйинларнинг ишлаш тезлигига катта таъсир кўрсатади. Бу хотира тури ўзи нима? Хўш бўлмаса кеттик..

Бу хотира тури вақтинчалик ахборотни ўзида сақлайди. Дастур юкланганда дастлаб оператив хотирага юкланади ва у ердан ишга тушади. Бундан келиб чиқадики оператив хотиранинг ҳажми қанча катта бўлса, бир пайтнинг ўзида бир неча дастурларни юклаб, иш олиб боришингиз мумкин бўлади (мисол учун ашула эшитиб, ўйин ўйнаш мумкин).

Бирор дастурни ишга тушириб (дастлаб оператив хотирага юклаб), сўнг бу дастурдан чиқиб кетиб, яна шу дастурни ишга туширсангиз, дастур юкланиши бироз тезроқ амалга оширилади. Чунки компьютер дастлаб оператив хотирага мурожаат қилади, агар у ерда мавжуд бўлса, ўша ердан дастурни юклайди, акс ҳолда дастурни излашни бошлайди.

Ҳозирги замонавий ўйинлар оператив хотиранинг катта бўлишини талаб қилади. Агар оператив хотира талаб даражасида бўлмаса ўйин ўйнаш жараёни секинлашади. Шу сабабли дискда сотиб олинган ўйин талабларини бир кўздан кечириш лозим.

Оператив хотира 2 та асосий характеристикага эга ва бу хотирани сотиб олишда шу характеристикаларга қаралади. Оператив хотира ҳажми ва шу хотира ишлайдиган частота миқдори. Оператив хотира ҳажми мегабайтларда ўлчанади(лекин кўпчилик гегобайтларга ҳам ўтиб кетишди) 128, 256, 512, 1024, 2048… Дастлаб юкланган дастурлар шу ҳажмда сақланади. Агар ҳажм тўлиб қолса, биринчи юкланган маълумотлар ўчирилади.

Оператив хотира частотаси ишлаш тезлигини аниқлаб беради. Частота бу вақт бирлигидаги жараёндир. Мисол учун, 600 мегагерц (МГЦ) частотали оператив хотира 100МБ маълумотни 10 секунда юкласа, 1000МГЦ ли оператив хотира бу жараённи 5 секунтда амалга оширади.

ddr

Оператив хотира кўриниши ва платага(материнский плата, motherboard) уланиши бўйича бир неча турларга бўлинади. Ҳозирги замон оператив хотиралар ДДР1, ДДР2, ДДР3 турларга бўлинади. Сони кaттаси янгироғи ҳисобланади.

ДДР1 эскироқ ҳисобланади ва бу тури ҳозирда камдан кам фойдаланувчиларда мавжуд бўлиб, кам бўлгани сабабли қимматроқдир. Максимал ишлаш частотаси 400 МГЦ гачадир.

ДДР2 кенг тарқалган тури ҳисобланади. Максимал частотаси 800 МГЦ гача.

ДДР3 замонавий, янги чиқган оператив хотира тури ҳисобланади. Максимал ишлаш частотаси 1800 МГЦ гача.

Ҳар бир оператив хотира тури ўзининг платасига эга, яъни платадаги слот фақат бир турдаги оператив хотирани қабул қилади. Мисол учун, ДДР1 учун мўлжалланган платага ДДР2 ни ўрнатиб бўлмайди. Чунки ҳар бир оператив хотира тури ўзгача уланиш тишларига эга. Ўлчами бир хил бўлиши мумкин лекин тишлари ўртасида фарқ бор. Уларни ажрата олмай куч ишлатиб оператив хотирани ҳам платани ҳам бузиб қўйманг.

Муҳим маълумотлардан бири шуки, плата шинасини ҳам оператив хотирани улашда эътиборга олиш, унинг частотасини ҳам билиб қўйиш зарур. Бу маълумотни сиз компьютер платаси хужжатидан топишингиз мумкин. Мисол учун, агар сиз 800 МГЦ да ишлайдиган ДДР2 оператив хотирасини 533 МГЦ шинада ишлайдиган платага уласангиз, оператив хотирангиз ҳам 533 МГЦ да ишлайди. Сиз 800 МГЦ да ишлаш шунақа секин бўлар экан деб юраверасиз.

Яна бир муҳим маълумот. Агар сиз ҳар хил частотада ишлайдиган 2 та оператив хотирани бир платага уласангиз, умумий ишлаш частотаси кичик бўлган частота билан боғлиқ бўлади. Мисол учун 1000 МГЦ ва 600 МГЦ частотада ишлайдиган оператив хотирани битта платага уладингиз, шунда оператив хотира 600 МГЦ частота билан ишлайди.

Манба: ITportal.Uz