Компьютернинг хотира қурилмалари

Компьютернинг хотира қурилмалари

Компьютер электр манбаидан узилгандан сўнг, тезкор хотира(ОЗУ)даги барча маълумотлар ўчиб кетади ва компьютер қайта юкланганда, ўчган маълумотларни қайта тиклаб бўлмайди. Шунинг учун маълумотларни сақлашда, электр энергиясига боғлиқ бўлмаган, маълумотларни сақлаш қурилмаларидан фойдаланилади. Бу мақолада шу қурилмалар ҳақида ёзмоқчиман.

Барча ташқи қурилмалар энергияга боғлиқ бўлмаган ҳолда маълумотларни сақлайди. Ҳозирги кунда барча ташқи хотира қурилмалари қуйидаги турларга бўлинади:

  • Магнитли сақлаш қурилмаси.
  • Оптик сақлаш қурилмаси.
  • Электр сақлаш қурилмаси.
  • Энди ҳар бир турига қисқача тўҳтаб ўтамиз.

Магнит сақлаш қурилмалари компьютерга ўрнатиладиган асосий сақлаш воситаси ҳисобланади. Бу турдаги ҳотира қурилмасининг асоси, яъни барча маълумотлар магнит асосга эга бўлган материалларда сақланади. Бу турдаги хотирадан, барча турдаги компьютерлар (ишчи компьютерлар, серверлар, портатив компьютерлар,..) фойдаланишади.

Бу турдаги хотира қурилмасига қуйидагилар киради:

— Қаттиқ дисклар (HDD).

— Эгилувчан дисклар (floppi диск).

— Магнит ленталар.

Қаттиқ дискни (винчестер, HDD), компьютернинг асосий хотираси дейиш мумкин. Бу қурилма компьютерга бевосита ATA ёки SАТА порти орқали уланади. Ҳажми ҳам ҳар хил бўлади (250 Гб, 500 Гб, 1 Тб, 2Тб,..). Ҳажми қанчалик катта бўлса, нархи ҳам шунчалик қиммат ҳисобланади. Ундан ташқари маълумотларни ўқиш ва ёзиш тезлиги ҳам нархига таъсир қилади. Бу хотира турига яна ташқи қаттиқ дисклар ҳам киради. Улар USB порт орқали уланади ва компьютердан электр манбаи олади. Бу тури катта ҳажмдаги маълумотларни олиб юриш учун ишлатилади.

Эгилувчан дисклар ҳозирги кунда камайиб кетган. 1.44 Мб ҳажмга эга бўлиб, маълумотларни бир неча марта ўқиб, ёзиш учун ишлатилади. Унчалик ишончли эмас, магнит плёнкалар ҳам юпқа бўлиб, жуда тез ишдан чиқиши эҳтимоли катта. Ташқи таъсирларга умуман бардошли эмас.

Кейинги магнитли сақлаш қурилмаси бу – магнит ленталардир. Булар асосан сервер компьютерлар билан ишлаганда керак бўлади. Катта ҳажмдаги маълумотларни архивлаш ёки нусхасини олиш жараёнида ишлатилади. Ўқиш ва ёзиш тезлиги унчалик катта эмас, лекин узоқ вақт давомида сақлаш учун мўлжалланган.

Навбатдаги ташқи сақлаш қурилмаси бу оптик дисклар ҳисобланади. Бу дискларга маълумотлар лазер нурлари орқали ёзилади ва лазер нурлари орқали ўқилади. Оптик дискларни қуйидаги турлари мавжуд:

— Фақат ўқиш учун мўлжалланган дисклар: CD, DVD.

— Фақат бир маротаба ёзиш учун мўлжалланган дисклар: CD-R, DVD-R.

— Бир неча маротаба ёзиш учун мўлжалланган дисклар: CD-RW, DVD-RW.

CD дисклар 700 Мб атрофида, DVD дисклар эса 4.7 Гб атрофидаги маълумотларни ўзида сақлай олади. Бу оптик дискларни ўқиш учун компьютерга CD-ROM, DVD-ROM қурилмалари уланади. Ҳозирги кунда янги DVD дисклари пайдо бўлган, булар Блу-рай деб номланади ва улар кўк рангдаги лазер орқали маълумотларни ёзади (оддий оптик дискларга қизил рангдаги лазер ишлатилади). Блу-рай дискларнинг ҳажми 25 Гб дан бошланади.

Кейинги ташқи хотира қурилмаси бу – электр сақлаш қурилмасидир. Бу хотира қирилмасида маълумотлар, микросхемалар орқали яратилган ва программалаштирилган хотирада сақланади. Бунга мисол, флеш-хотиралардир (флешка). Бу қурилмалар компьютерга USB порт орқали уланади. Қурилманинг ўлчамлари кичик ва ҳажми ҳозирги кунда 64 Гб дан ҳам ошди. Бу қурилманинг асосий параметри ҳажмидан ташқари маълумотларни ўқиш ва ёзиш тезлиги ҳисобланади. Маълумотларни ёзиш ва ўқишда ҳеч қандай дастурларнинг кераги йўқ ва ишлатиш жуда соддадир. Флеш хотираларни сотиб олишда пулингизни аямасдан ўша пайтдаги энг катта ҳажмлилигини сотиб олаверинг, сабаби бу хотира қурилмаси жуда катта тезликда ўз ҳажмини катталаштириб юбормоқда.

Манба: ITportal.Uz

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.