LeEco Le Max 2: смартфоннинг кейинги авлоди суперфонми?

LeEco Le Max 2: смартфоннинг кейинги авлоди суперфонми?

Хитойнинг LeEco компанияси арзон ва илғор технологиялар боис қисқа муддатда оммалашган Le Max 1’дан сўнг смартфон бозорига унинг янада такомиллашган талқини – Le Max 2’ни чиқармоқда. Компания тарқатаётган матбуот релизларида мазкур қурилмаган нисбатан “суперфон” деган сифатлар ишлатилмоқда.  Смартфонга буюртмалар компаниянинг онлайн платформаси орқали амалга оширилмоқда. Хабар берилишича, бир ҳафтада мазкур гаджетга 61 минг дона буюртма берилган.

Смартфон 5.7 дюймли бўлиб, 1440 x 2560 пиксель сиғимли Quad-HD (ҳар дюймда 515 пиксель) дисплейга эга. Унда HD ёки 4K сиғимли видеоларни юқори сифатда кўриш мумкин.  Le Max2 Android Marshmallow операцион тизимининг EUI 5.6 мослаштирилган талқинида фаолият кўрсатади.

-

Le Max2 2,15 ГГц частота тезлигида ишлайдиган, 6 ГБ (бошқа талқинда 4 ГБ) тезкор хотира билан таъминланган 4 ядроли Qualcomm Snapdragon 820 процессорида ишлайди. Процессор жуда чидамли бўлиб, узоқ вақт давомида ўйинлар ўйнаш ҳам унинг қизишига сабабчи бўла олмайди.

Металл корпуслм Le Max 2 икки талқинда 32 ҳамда 64 ГБ доимий хотира сиғимига эга версияларда ишлаб чиқарилади.

Le-Max-2

Смартфонда бош камера 21 МП ҳамда унинг кундузги суратлар олишда тенгсиз эканлиги айтилмоқда. Унда 4K сиғимли видео ҳам ёзиш мумкин. Аммо ёруғлик паст ҳолатларда камеранинг яхши сурат оломаслиги маълум қилинган. Селфи камера эса 8 МП сиғимли сурат олиш имконига эга.

Le Max 2 гаджети 3,100 мА соат сиғимга эга тезкор қувват олувчи аккумуляторга эга. Гарчи, смартфон кучли процессор ва юқори сиғимли дисплейга эга бўлса ҳам, батареяни тўла қувватлаб кун давомида муаммосиз ишлатиш мумкин.

Яна бир ўзига хос жиҳати Le Max 2 CDLA аудио тизимига эга бўлиб, унга 3.5 мм порт эмас, универсал USB Type-C туридаги порт орқали уланиш мумкин. Аммо “ақлли телефон”ни бу порт орқали қувватлашни ҳам инобатга олсак, бир вақтнинг ўзида мусиқа тинглаш ва қувватлашнинг имкони йўқ.

Телефон аппарати 2 SIM-картали бўлиб, алоқанинг 4G LTE тармоғини қўллаб-қувватлайди. Корпуснинг орқа панелида бармоқ излари сканери ҳам мавжуд.

Бош менюдаги “Live” тугмачаси орқали LeLive хизматига уланиш ва оммабоп ТВ каналларни кўриш мумкин. Харидорларга 1 йил мобайнида бу каналларни бепул кўриш имконияти берилади.

Le Max 2 мобиль алоқа воситасининг 4 ГБ тезкор ва 32 ГБ доимий ички хотирага эга талқини 339 АҚШ долларидан, 6/64 ГБ талқини 443 доллардан сотувга чиқарилмоқда. Унинг хитойлик рақиблари Xiaomi Mi5 айни пайтда 369 АҚШ долларидан, OnePlus 3 эса 410 доллардан сотилмоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!