Lenovo бир-биридан илғор ноутбукларни тақдим қилди

Lenovo бир-биридан илғор ноутбукларни тақдим қилди

Lenovo компанияси 23 май куни жаҳон ноутбук бозорига Lenovo IdeaPad туркумига кирувчи IdeaPad — 720, 520 ва 320 моделларининг янгиланган — IdeaPad 720S, 520S ва 320S (яъни «Slim» — келишган, ихчам) номли юпқа ва енгил ноутбук талқинларини тақдим қилди.

IdeaPad туркумининг клавиатураси янгиланиб, клавишлар ҳажман катталашган. Шунингдек, дисплей атрофидаги ром янада қисқарган. Янги ноутбукларга Microsoft Precision Touchpad номли илғор сенсор панел ўрнатилган.

Янги гаджетлар орасида энг қиммати бўлган IdeaPad 720S моделининг 15,9 мм.ли алюминий корпуси электролиз усулида сайқалланган ҳамда атрофи махсус жилодор ҳошияларга эга.

14 дюймли 720S ромсиз дизайндаги Full HD дисплейга эга.
IdeaPad 720S флагман девайсига Intel Core i7 процессори, 512 ГБ ёки 1 терабайтли доимий хотира ўрнатилган. Ноутбук 1,14 кг тош босади. Унинг бошланғич талқини $970 доллардан сотувга чиқарилади.

IdeaPad 520S ихчам ва енгил девайслардан бири бўлиб, корпус қалинлиги 19,3 мм. IdeaPad 520 ва 520S’нинг ҳар иккаласи 7-авлод Intel Core процессорларига ҳамда NVIDIA GeForce 940MX видеокартасига эга.

Ҳамёнбоп моделлар бўлган IdeaPad ноутбук моделининг 15 дюймли IdeaPad 320S вакили эса 17 дюймли экран билан таъминланган. Девайслар 16 ГБ тезкор ва 2 ТБ.гача доимий хотирага эга. Бу ноутбукларда ҳам 7-авлод Core i7 процессорлари ўрнатилган. Улар $440 ва $490 доллардан сотувга чиқарилади. Экран атрофидаги ўта юпқа ром диққатга сазовор.

Lenovo геймерларни ҳам унутиб қўйгани йўқ. Ишлаб чиқарувчининг янги — 17 дюймли Lenovo Legion Y920 ўйинларга мўлжалланган ноутбуки VR-контентда ишлаш бўйича гувоҳнома ҳам олган. Модел Intel’нинг “Intel Core K” туркумига мансуб 7-авлод процессори, NVIDIA Geforce GTX 1070 видеокартаси, 16 ГБ тезкор ва 512 ГБ доимий хотира, диагонали 17 дюйм бўлган Full HD (1920×1080 пикселли) дисплей билан таъминланган. Унинг механик клавиатураси остига светодиодли ёритиш тизими ўрнатилган. Lenovo Legion Y920’нинг энг арзони $2700 доллардан бошлаб сотилади.

Яна бир янги ноутбук — Flex 5 ҳам 2 талқинда тақдим қилинди. Ундаги “ошиқ-мошиқ” дисплейни 360 градусга буриш имконини беради. Ундан ҳам ноутбук, ҳам планшет сифатида фойдаланиш мумкин. 14 дюймли Flex 5 бозорда $720, 15 дюймли экранга эга талқини эса $830 доллардан сотилади.

Flex 5 ноутбукларига 7-авлод Intel Core (Core i7) чиплари ўрнатилган. Улардаги тезкор хотира сиғими 16 ГБ, доимий хотира 512 ГБ. Шунингдек, унинг IPS дисплейли, сиғими Ultra HD (3840×2160 пикселли) бўлган, рақамли стилуси мавжуд.

Flex 5 моделлари май ойидан, қолган моделлар эса июндан сотувга чиқади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!