Microsoft Surface Laptop’нинг MacBook Pro’дан 7 устунлиги

Microsoft Surface Laptop’нинг MacBook Pro’дан 7 устунлиги

2017 йилнинг 2 май куни Microsoft компанияси ўзининг илк Surface Laptop ноутбукини тақдим қилди. Компания вице-президенти Панос Панайнинг сўзларига кўра, Surface Laptop ҳар қандай MacBook Air ёки MacBook Pro каби гаджетлардан енгил ва юпқа, шунингдек MacBook билан солиштирганда, унинг платформаси ҳам улардан кучли ва аккумулятори узоққа етади. “Биз сиз фахр билан сумкадан оладиган ноутбук яратишни мақсад қилдик”, деган эди у тақдимотда.

Қуйидаги мақолада ҳам 2017 йилда MacBook эмас, айнан Surface Laptop харид қилишингиз зарурлиги тўғрисида маълумот ва бунинг техник асосларини берамиз.

  1. Нисбатан замонавий «металл»

Apple’нинг энг ашаддий ишқибозлари ҳам  MacBook Pro 2016’да янада янги Intel 6 процессор авлоди жорий қилинмаганини эшитгач, хафа бўлган эдилар. Наҳотки. шундай катта корпорация янги авлод чипларини бир оз кутиб тура олмаган бўлса? Ёки “Олма” ўзига шу қадар бино қўйдими?

Microsoft компанияси эса сабрли бўлиб, Surface Laptop ноутбукини Kaby Lake архитектурасида ишлайдиган i5 ҳамда еттинчи авлод — i7 процессорлари билан таъминлади. Бу процессорлар нисбатан кучли ва самарали. Келиб чиқадики, Surface Laptop’нинг ишлаши рақибига нисбатан яхши. Кимдир ноутбукнинг яхши ишлашини операцион тизим билан боғласа, кимдир ички параметрлар билан ўлчайди. Бироқ, ҳар иккала ҳолатда ҳам Майкрософт устун: бу ноутбук ҳали бирор гаджет эга бўлмаган Windows 10 S тизимида ишлайди. Ҳаттоки, MacOS ҳам унга ҳавасда. Бу Surface Laptop’нинг яққол устунлиги.

  1. Microsoft Surface Laptop арзонга тушади

Ноутбук танлаётганда фойдаланувчи учун нарх-наво муҳим мезонлардан бири. Бугун юртимизда ҳам брендларнинг орқасидан чопиб, гаджетлар учун 1000 долларлаб пул тўлаётганларни топиш қийин. Одамлар имкон қадар арзон ва эстетик жиҳатдан яхши девайс танлашга уринмоқдалар.

Майкрософт компанияси янги Surface Laptop ноутбуки тақдимотида унинг нархини эълон қилганида аввалига кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлди. Унинг энг арзон талқини, яъни Intel Core i5 Kaby Lake процессори, 4 ГБ тезкор ва 128 ГБ доимий хотира, 13,5 дюймли сиғими 2256×1504 пиксел бўлган экранли талқини 999$ долларга баҳоланган. Унинг энг қиммат талқини 1299$ доллардан сотилади.

Бироқ, бу пулга MacBook берадими? Бу пулга узоғи билан 13 дюймли дисплей ва нисбатан эскироқ ички платформага эга MacBook Air харид қилиш мумкин.

  1. Нисбатан қулай ва кўркам клавиатура

Янги Surface Laptop ноутбуки лазерли ишлов бериш жараёнидан ўтган қулай клавиатурага эга. Тачпад сенсор панелининг атрофига эса теридан тайёрланган юмшоқ бахмалсимон чарм Alcantara хомашёси ётқизилган. Одатда ундан «люкс» туркумига кирувчи маҳсулотларда фойдаланишади.

Бу қоплама чидамли ва ёқимли. Клавишлар ораси етарлича  катта — 1,5 мм, Apple’нинг янги лэптопларида бу жуда тор —  0,5 мм. Бу ким учундир аҳамиятсиз, бироқ ноутбукда узоқ ишлайдиган одам клавишлар орасидаги масофанинг кенглиги — ҳарф теришда қулайлик яратишини яхши билади.

  1. Динамик блокировка ва Windows Hello

Замонавий фойдаланувчининг муҳим талабларидан бири шуки, унинг ноутбуки тез ва осон разблокировка бўлиши керак. Microsoft компанияси шуни ҳисобга олган ҳолда, Windows 10’да  Windows Hello функциясини жорий қилган. Бу технология фойдаланувчининг қиёфасини кўриши билан тизимни блокировкадан чиқаради. Windows Hello фойдаланувчини пин-код ва махфий сўзларни эслаб юришдек ташвишдан халос қилади.

Windows 10’нинг янги Creators Update талқинида яна бир –динамик  блокировка номи функция ишга тушди.

У Bluetooth орқали смартфонингизга, планшет ёки соатингизга уланади ва сиз қўлингиздаги девайс ёрдамида ҳам ноутбукни блокировкадан чиқаришингиз мумкин. Шунингдек, масофадан туриб ноутбукни блокировка қилиш мумкин. Шу орқали гаджетнинг хавфсизлиги таъминланади.

Бу каби қулайликлар Windows 10’да ишлайдиган бошқа гаджетларда ҳам бор. Бироқ, нима сабабдандир Apple компанияси шунга ўхшаш бирор инновация ишлаб чиқмаяпти. Тўғри, MacBook’ни Apple Watch ёрдамида блокировкадан чиқариш мумкин. Аммо, буни янада илғорлаштириш керак.

 

  1. Портларнинг мавжудлиги

Apple MacBook Pro’ни тақдим қилгач, янги лэптопда аксарият портлар йўқлиги учун компанияга нисбатан норозиликлар авж олди. Купертинолик ишлаб чиқарувчи фойдаланувчи учун  биргина USB Type-C порти етарли, деб катта хато қилди. Тўғри, переходник орқали буни ҳал қилиш мумкин.

Microsoft эса аксинча — Surface Laptop’да ҳам USB Type-C, ҳам эски — Type-A ва Mini DisplayPort каби портларни қолдирди. Эҳтимол, бу тўғри қарордир. Ҳозирча USB Type-C портига тушадиган хотира карталари у қадар оммалашгани йўқ. Тўғри, бу порт маълумотни тезкор алмашиш ва тезкор қувват олиш технологиясини қўллаб-қувватлаши билан ўзига хос. Аммо, аксарият фойдаланувчи ҳануз анъанавий флешкадан фойдаланади.

  1. Сенсор экран

Windows 10’да ишлайдиган сенсор экранли гаджетлар ҳозир ҳайратланарли янгилик эмас. Apple ишқибозлари эса бу уларга нимага кераклиги ва бундан нима нафлигини айтишади. Аммо, Windows 10’да ишлайдиган сенсор экранли ноутбукдан фойдаланиб кўрсангиз, илк дақиқаданоқ унинг қулайлигини ҳис қиласиз. Жумладан, компютер сичқончасига ҳадеб қўл чўзишдек “машаққатли” ишдан халос бўласиз 🙂  Тўғри, MacBook тачпади ҳам қулай, бироқ сенсор экраннинг имконияти — бошқача.

Surface Pen-перо ҳам сенсор экран имконини оширади. Унинг ёрдамида Windows Ink’да эслатмалар қолдириш, Microsoft Edge’да матнларни таҳрир қилиш янада осон. MacBook эса бу имкониятдан маҳрум бўлган. Тўғри, унинг клавиатураси устида ҳам сенсор панел бор, лекин ноқулай.

  1. Аралаш воқелик технологиясини қўллаб-қувватлаши

Виртуал ва қўшимча воқелик технологиялари фойдаланувчиларни тобора ўзига тортмоқда. Кўплаб компаниялар кўзойнак ва шлемларни кашф қилиш билан овора. Microsoft Hololens каби тиббиётда фаол фойдаланилаётган виртуал ва қўшимча, аралаш воқелик технологиялари келажак инновациясидир. Бундан кейин гаджет танлаганда шу жиҳатга ҳам эътиборни қаратиш керак.

Майкрософт компанияси ҳам бу технологиянинг бош лойиҳачиларидан бири бўлгани боис, виртуал воқелик технологияси шлеми ва кўзойнаги учун махсус иловани ишга туширди. Янги Surface Laptop ноутбуки ҳам аралаш воқеликни қўллаб-қувватлайди. Яқин йилларда компания виртуал воқеликдан фойдаланишда кўзойнак ва шлем каби аксессуарлардан тўлиқ воз кечмоқчи.

MacBook фойдаланувчилари эса фақатгина ҳавас билан қараб қоладилар ва Apple’дан бирор илғорлик кутишмоқда. Сиз эса фикр-мулоҳазаларингизни қуйида ёки Facebook тармоғидаги саҳифамизда ўртоқлашинг!

 

 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!