Ниҳоятда арзон Nokia 1 тақдим қилинди

Ниҳоятда арзон Nokia 1 тақдим қилинди

MWC 2018 анжумани қизғин давом этмоқда. Куни кеча Nokia 1 смартфонининг расмий тақдимот маросими бўлиб ўтди. Мазкур девайс 89 АҚШ доллари баҳосида сотувга чиқарилади.

Nokia 1 мобил телефони ҳамёнбоп нарх эвазига яхши смартфонга эга бўлишни истаганлар учун.

Смартфон қадоқдаёқ Android 8.1 Oreo тизимида фаолият кўрсатади. Бироқ, бу "Go Edition" талқини бўлиб, илова ҳамда функцияларнинг нисбатан "енгил" талқини ишлаб чиқарилган.

HMD Global компаниясининг маълум қилишича, телефон арзон бўлса ҳам, у 2 йил давомида мунтазам равишда янги операцион тизимга эга бўлиб боради ҳамда 3 йил давомида унинг учун хавфсизлик тизими ишлаб чиқарилади.

Nokia 1 смартфони компаниянинг энг арзон ва техник жиҳатдан камтар мобил гаджети бўлди. Телефон 4,5 дюймли, IPS матрицали ҳамда 854 га 490 пикселли (16:9) экранга эга бўлган.

Унинг тезкор ва бир текис ишлаши учун 4 ядроли MediaTek MT6737M процессори масъул бўлиб, бу чипнинг ишлаш тезлиги 1,1 ГГц.ни ташкил қилади. Смартфон учун 1 гигабайтли тезкор ҳамда 8 гигабайтли доимий хотира танланган. microSD орқали доимий хотирани 128 гигабайтгача катталаштириш мумкин.


Nokia 1 моделининг бош камераси 5 мегапикселли ва олд камера учун ўрнатилган модул аниқлиги 2 мегапикселли.

Гаджетнинг куч-қувват таъминоти учун ток сиғими 2150 мА соат бўлган аккумулятор батареяси ўрнатилган. Смартфоннинг пластикдан ишланган орқа панели осон очилади ва аккумуляторни алмаштириш мумкин.

Nokia 1 пластмасса корпусга эга бўлган, унинг ўлчамлари: 133.6 x 67.8 x 9.5 мм.

Nokia 1 савдоси Европада апрелнинг бошида старт олади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!