OnePlus 11 Pro'нинг техник кўрсаткичлари ошкор бўлди

OnePlus 11 Pro'нинг техник кўрсаткичлари ошкор бўлди

Ўтган ҳафтада OnLeaks инсайдери OnePlus 11 Pro моделининг рендерларини эълон қилинган эди. Энди ушбу инсайдер смартфоннинг техник кўрсаткичларини ошкор қилди. 

Смартфон Snapdragon 8 Gen2 чипида ишлайди. Ушбу чип ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Snapdragon саммитида тақдим этилади. Қурилма Android 13 операцион тизимига асосланган OxygenOS 13 график қобиғида ишлайди. Унга 16ГБ гача бўлган тезкор ҳамда 256ГБ доимий хотира ўрнатилади. Базавий модель 8/128ГБ дан бошланади. 

Янги модель 120 гертс частотада ишловчи QHD+ резолюциядаги 6.7 дюймли AMOLED дисплейи билан жиҳозланади. Дисплейининг юқори чап бурчагидан 16МП селфи камера ўрин олади. OnePlus 10 Pro модели 32МП селфи камерага эга эканлигини ҳисобга олсак, бу техник жиҳатдан пасайиш ҳисобланади. 

Орқа панелдан 50МП асосий камера, 48МП ультракенг камера ҳамда 2х зумга эга 32МП телефото камера ўрин олади. Камералар Hasselblad компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилади. 

Қурилмага 100 ваттда қувват олувчи 5,000 мАс сиғимли аккумулятор ўрнатилади. Аммо 100 ваттли қуввлаш технологияси Осиё ва Европа минтақалари учун мўлжалланган моделларда бўлиши ҳозирча номаълум. 

Смартфон экраности бармоқ изи сканери билан жиҳозланади. Шунингдек, у Wi-Fi 6E, Bluetooth 5.2 симсиз боғланишларни қўллаб-қувватлайди. 

OnePlus 11 Pro модели 10 Pro моделидан фарқли ўлароқ бироз эртароқ тақдим этилиши мумкин. 10 Pro шу йилнинг январь ойида тақдим этилган эди. 

ЎҚИНГ: Galaxy S23 сериясига Exynos чиплари ўрнатилиши мумкин