OnePlus тақдим қилинмаган OnePlus 5 олган илк сурат билан мақтанди

OnePlus тақдим қилинмаган OnePlus 5 олган илк сурат билан мақтанди

OnePlus компанияси Twitter ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида 2 та фотосуратдан ташкил топган коллажни чоп этди. Сурат манзараси бир хил бўлса ҳам, сифати 2 хил: бири тиниқ, бошқаси хира. Компания ўзининг ўқувчиларидан уларнинг қайси бири ҳали тақдим қилинмаган OnePlus 5 флагман смартфонида олинганини тахмин қилишларини сўрамоқда.

Кўриниб турибдики, манзара аниқ-тиниқ акс этиб турган сурат флагман смартфонда олинган, яъни, 2-рақамли фотосурат. Биринчи рақамли сурат қайси смартфонда олингани маълум эмас. OnePlus бу орқали OnePlus 5’нинг бош камераси ёруғлик паст шароитда ҳам ёрқин сурат олишига ишора қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, компания бир муддат аввал янги смартфон камераси учун фотогарфия саноатида 10 йилдан ошиқ тажрибага эга DxOLabs билан ҳамкорлик қилаётганини айтган эди. Унинг қўш объективли бош камераси учун ҳар бири 16 мегапикселли 2 та датчик танланган. Смартфоннинг олд камераси сиғими ҳам 16 МП бўлиши кутилмоқда.

OnePlus компанияси ижрочи директори OnePlus 5’нинг жаҳоннинг энг илғор Snapdragon 835 чипига эга бўлишини расман эълон қилган. 16 май куни тарқалган маълумотларга кўра, AnTuTu бенчмаркида OnePlus 5 телефони 176 000 балл тўплаган. Яъни, бу борада Samsung Galaxy S8 ва Xiaomi Mi6 каби тақдим этилган флагманларни доғда қолдирмоқда.

OnePlus 5’нинг 5,5 дюймли Full HD дисплей, Adreno 540 видеокартаси, 6 Гб тезкор ва 64/128 Гб доимий хотира, 3600 мА соат сиғимли тезкор қувват оладиган аккумулятор, Android 7.1.1 Nougat операцион тизимига эга бўлади. Ёзда тақдимоти кутилаётган смартфоннинг энг арзон талқини 450 АҚШ долларидан сотувга чиқарилиши кутилмоқда.