Сайт турлари ҳақида

Сайт турлари ҳақида

Сайтлар сони борган сари ортиб бормоқда, «ҳар бир инсон ўз сайтига эга бўлиш учун ҳаракат қилмоқда» десам хато бўлмаса керак. Шундай бўлишига қарамасдан, сифатли сайтлар сони жуда секинлик билан ортиб боряпти. Ҳа, секинлик билан, чунки ҳозирги кунда сайт яратилиб, кейинчалик сайтни ташлаб кетиш одат тусига кирди(домен ва хост вақти тугайди, қарабсизки сайт ёпилди).

Сайтлар ҳақида гап борар экан, улар ҳақида кўпроқ маълумот беришга ҳаракат қиламан. Сайт — бу умумий тушунча бўлиб, уни кўриниши, бажарадиган вазифасига қараб бир неча турларга бўлиш мумкин. Мақола айнан сайт турларига бағишланади.

Сайт кўринишлари(турлари).

— интернет орқали таништирилувчи сайтлар;

— ахборот ресурслари;

— веб хизматлар;

Бу турлар асосийлари ҳисобланиб, ўз навбатида булар ҳам маълум қисмларга бўлинади.

Интренет орқали таништирилувчи сайтлар:

— визитка сайтлари;

— корпоратив сайтлар;

— интернет дўконлар;

— промо сайтлар.

Ахборот ресурслари:

— тематик сайтлар;

— интернет порталлар;

— блоглар;

— сайтлар рўйхати.

Веб хизматлар:

— қидирув тизимлари;

— почта хизматлари;

— интернет форумлар;

— видео, расм, аудио хостинглар;

— эълонлар доскаси;

— ижтимоий тармоқлар.

site_haqida_1

Келинг, энди бу сайт турларига батафсил тўхтайлик.

Визитка сайтлари — бир шахс ёки бирор фирма ҳақида 3, 4 та саҳифадан ташкил топган, энг содда кўринишга эга сайт. Бундай сайтни тузиб бериш ҳам унчалик катта маблағ талаб қилмайди. Фирмалар бундай турдаги сайтга эга бўлишларидан мақсад, ўзлари ҳақида тўлиқ маълумот беришлари, ўз хизматлари, нархлари ва боғланиш мумкин бўлган маълумотларни интернет фойдаланувчиларига эълон қилишдан иборат.

Корпоратив сайтлар — тўлиқ, мураккаб кўринишдаги сайт. Бундай кўринишдаги сайтларда фирма ҳақида тўлиқ маълумотлар, уларнинг маҳсулотлари ҳақида(расмлари билан бирга), нархлари берилади. Фойдаланувчилар ўз фикрларини қолдиришлари, сайт орқали буюртмалар беришлари ҳам мумкин бўлади. Ҳар хил турдаги интерактив хизматлар ҳам мавжуд бўлиши мумкин.

Интернет дўконлар — интернет орқали савдо сотиқни йўлга қўювчилар учун сайт. Бизда бу йўналиш энди ривожланмоқда. Сайтда асосан маҳсулотлар, уларнинг нархлари, тўловлар ҳақида маълумотлар бўлади. Асосий саҳифада янги товарлар расмлари билан бериб борилади.

Промо сайтлар — маълум бир вақт учун яратилган сайтлар. Қандайдир конференциялар, кўргазмалар, концертлар учун яратилган сайт. Бу байрамлар тугагандан сўнг, сайт ёпилиши керак, лекин кўп ҳолларда ундай эмас, эски хабарлар билан сайт ишлашда давом этади. Бу эътиборсизлик натижасидир.

Тематик сайтлар — маълум бир кичик доирадагилар учун сайт, битта мавзу бўйича яратилади. Сайт дизайни айнан шу мавзуга оид бўлиши лозим ва албатта комментария қолдириш мумкин бўлиши керак. Агар иложи бўлса, форуми ҳам бўлиши лозим.

Интернет портал — катта ҳажмдаги сайт, бошқа сайтларга йўлланмалар беради. Интернет фойдаланувчиларини тўғри йўналтириб юборувчи сайт. Ўзида кўп миқдорда ҳаволалар(ссылка) сақлайди ва ҳар хил турдаги маълумотларни бериб боради(об-ҳаво маълумотлари, эълонлар, форумлар, ўйинлар,…). Энг асосийси содда бўлиши керак, фойдаланувчи дарҳол қаерга кириш кераклигини тушуниб олиши лозим.

Блог — бирор бир шахснинг интернет кундалиги, бу ерда у бирор мавзу бўйича ўз фикрларини ёзиб боради. Ўқувчилар бу фикрга ўз қарашларини билдиришади.

Сайтлар рўйхати — бундай сайтларда, бошқа сайтларнинг қисқача таърифи келтирилган бўлади. Шу қисқа матнни ўқиб, қизиқ бўлса шу сайтга ўтишни амалга ошириш мумкин бўлади. Бу орқали сайтлар ўз даражаларини кўтариб олишади. Сайт рўйҳати маълум бир бўлимларга бўлинган ҳолда сақланади.

Қидирув тизимлари — ўз робот қидирувларига эга бўлган сайт. Бундай сайтлар барча сайтлардан маълумотлар тўплайди ва керакли пайтда чиқариб беради. Буларга мисол қилиб, Google, Yandex қидирув тизимларини мисол қилиш мумкин.

Почта хизматлари — интернетнинг энг оммалашган хизмати, электрон почталар очиш, бошқа почталарга хат жўнатиш ва улардан қабул қилиб олиш каби вазифаларни бажарувчи сайтлар. Ҳозирда бундай турдаги сайтлар, почта хизматидан ташқари бошқа хизматларни ҳам таклиф қилишмоқда(қидирув хизматлари, файлларни сақлаш,…). Мисол қилиб, mail.ru, yandex.ru ва бошқаларни келтириш мумкин.

Интернет форум — мулоқотни амалга ошириб берувчи сайтлар, бундай сайтлар бирор сайтни алоҳида қисми ёки ўзи алоҳида сайт бўлиши мумкин. Асосий вазифа, ёзиш орқали мулоқот қилиш, бирор муаммони ҳал этишдан иборат. Ундан ташқари маҳсулотларни реклама қилишда ҳам қўл келади.

Хостинг сайтлар — бундай сайтлар ҳар хил турдаги файлларни(видео, аудио, расм) ўзида сақлайди. Бу файлларни фойдаланувчилар сайтга киритиб қўйишади ва керак пайтда, интернет орқали ўз файлларини олишлари мумкин бўлади. Мисол учун, img.uz.

Эълонлар доскаси — фойдаланувчилар томонидан киритилган ҳар хил кўринишдаги эълонларни чиқарувчи сайтлар. Бу сайтлар бирор нарсани сотишда қўл келади. Электрон бозор деб ҳам атаса бўлади. Бунга мисол қилиб, албатта torg.uz сайтини олиш мумкин.

Ижтимоий тармоқлар — фойдаланувчилар томонидан тўлатиладиган сайт. Бир хил дунё қарашга эга бўлган ҳар хил гуруҳлар яратиш, қизиқишларни бошқалар билан баҳам кўриш, расмлар қўйиш, ҳар хил ақлли гаплар киритиш учун жой. Мани фикрим бўйича, ўзини реклама қилиш учун энг оптимал сайт. Бу турдаги сайтларга мисоллар ҳам шарт эмас шекили, майли фақат биттасини ёзаман, facebook.com.

Манба: ITportal.uz

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!