Samsung раҳбари нега 150 000 та телефонни ёқиб юборган?!

Samsung раҳбари нега 150 000 та телефонни ёқиб юборган?!

Сўнгги ойларда Samsung Galaxy Note 7 атрофида юз берган нохуш ҳодиса ҳақида кўпчиликнинг хабари бор. Жаҳон смартфон бозорида энг кўп улуш ва мавқега эга бўлган компания билан бундай ҳолатнинг содир бўлиши, аслида, бироз кутилмаган воқеа. Лекин ҳодисага профессионал назар билан қаралса, бу каби техник муаммолардан ҳеч қайси ишлаб чиқарувчи кафолатланмаганини англаш мумкин. Жанубий Корея технология гиганти 2016 йилнинг 11 октябрь куни Note сериясидаги сўнгги флагманини тайёрлашни расман тўхтатди.

Умуман олганда, сифат билан боғлиқ муаммо барча технологик компанияларда юз бериши мумкин. Бироқ уни бартараф этиш, муаммони ҳосил қиладиган сабабларни тезда англаб, унга қарши зарурий чораларни кўриш – ҳар бир фирманинг ўз қўлида. Айниқса, ўзининг сифатли маҳсулотлари билан ном чиқарган фирмаларга бундай “тамға” асло ярашмайди.

Шу ўринда Samsung тарихида юз берган энг залворли воқеалардан бирини эсга олсак. Бундан 21 йил аввал, 1995 йилда компания чиқараётган уяли алоқа телефонларининг сифати билан қониқмаган фирма раҳбари ва эгаси Ли Кун Хи, Гуми шаҳридаги заводда 2 минг нафар ишчининг кўз ўнгида 150 000 дона телефонни омбори билан қўшиб ёқиб юборади.  Бу иши билан раҳбар тайёрланган маҳсулотларнинг сифати билан бутунлай қониқмаганини ифода этади. Мана шундай ҳолатлардан кейин фирма раҳбарияти ва менежерлари сифатга алоҳида эътибор қаратишни бошлайдилар. Натижада эса йиллар ўтиб Samsung ўзининг юқори сифатли қурилмалари билан жаҳон смартфон бозорини эгайллайди. Хулоса шуки, сифат оқсаган жойда етакчилик ҳақида ўйлашнинг ўзи аҳмоқлик. Бироқ, шахсан мен, Жанубий Корея гиганти келгусида янада инновацион телефонларни тақдим этиб, Galaxy Note 7 рўй берган шов-шувларни ҳамманинг хотирасидан ўчириб юборишига ишонаман.

Бунинг учун энди минглаб қурилмаларни ёқиш шарт эмас (дарвоқе, ахир улар ўзи ёниб кетган-ку…)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!