Шамол энергетикасидан фойдаланиш бўйича етакчи давлатлар ўнлиги

Шамол энергетикасидан фойдаланиш бўйича етакчи давлатлар ўнлиги

Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш масаласи бутун дунёда кун тартибида турибди. Унинг ечими сифатида таклиф этилаётган манбалар орасида қуёш батареяларидан тортиб шамол энергиясигача бор. Қуйида шамол энергиясидан муваффақиятли фойдаланиб энергетик салоҳиятини оширган дунёдаги 10 давлатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Рейтинг мамлакатдаги жами шамол генератори қуввати бўйича тузилган. Шу сабабли Дания, Португалия, Никарагуа сингари давлатларда умумий истеъмолнинг 20 фоиздан ортиқроғини шамол энергияси ташкил этса-да, бу рўйхатга қўшилмади.

  1. Хитой — 114763 МВт

2014 йил якунлари бўйича маҳаллий станциялар 67,7 ГВт ишлаб чиқарган бўлса, кўриб турганингиздек, яқин йиллар ичида бу кўрсаткич икки баробардан ортиши мумкин. Осмон ости ўлкасида саноатнинг шиддат билан ривожланишии энергияга талабни тобора оширмоқда.

  1. АҚШ — 65879 МВт

АҚШда шамол генераторлари сони кўп эмас. Ҳукуматнинг шамол генераторларига муносабати ноаниқ: маҳаллий қонунлар уларни қўлламайди, кўпинча уларга халақит беради. Шунга қарамасдан АҚШ бу рўйхатда иккинчи ўринда.

  1. Германия — 39165 МВт

Европа мамлакатлари орасида шамолдан қувват олиш бўйича етакчи бу немислардир. Таққослаш учун: бу кўрсаткич Евроиттифоқда 100 ГВт атрофида бўлиб, Германия унинг учдан бирини ишлаб чиқаради. Шамолдан энергия манбаси сифатида фойдаланишни мамлакат аҳолиси маъқуллайди, ҳукумат қарорларида ҳам бу акс этган.

  1. Испания — 22987 МВт

Иқтисодий инқирозга учраган Испанияда шамол энергетикаси тез ривожланмоқда. Давлат бошқа кўплаб анъанавий энергия манбаларидан воз кечиб, шамолни “жиловлаш”га зўр бермоқда.

  1. Ҳиндистон — 22465 МВт

Ривожланаётган Ҳиндистон шамол энергетикаси станцияларини ишга туширишда фаол. Аҳоли сонининг тез ўсиши янги энергия манбаларига эҳтиёжни оширади, мамлакатнинг ўзида ёнилғи етишмайди, сотиб олиш эса қимматга тушади. Ҳиндистонда шамол энергиясини ривожлантириш потенциали мавжуд.

  1. Буюк Британия — 12440 МВт

Буюк Британиянинг 2009 йилги бюджетида 2011 йилдан 2014 йилгача шамол энергетикасини ривожлантиришга 500 млн фунт стерлинг сарфлаш кўзда тутилган. Режа амалга ошиб британияликлар рўйхатимизнинг олтинчи поғонасидан жой олишди.

  1. Франция — 9285 МВт

Французлар шамолдан энергия олиш бўйичагина эмас, шамол аппаратлари ва технологияси бўйича ҳам етакчилар сафидадир. Французлар немислар билан бу соҳада кенг ҳамкорлик қилиб келмоқда.

  1. Италия — 8663 МВт

2011 йилда итальян халқи хоҳиш-иродасига кўра атом энергетикасидан воз кечишга қарор қилинди. Италия ёнилғи импортига қарам, шунинг учун шамол энергетикасини ривожлантиришга астойдил бел боғлади. Ҳозирда, нафақат, ҳукумат, балки ишбилармон доиралар ҳам шамол энергетикасига қизиқиш ва мойиллик билдирмоқда.

  1. Канада — 9694 МВт

Канадада шамол энергетикасига инвестиция киритганлар учун имтиёз мавжуд. Асосан, Янги Шотландия ва Онтарио тарафларда шамол энергетикаси ривожланган.

  1. Бразилия — 5939 МВт

Бразилияда кўп сонли шамол электростанциялари барпо этилмоқда. Статистикага кўра гидроэлектр станцияларидан кўра улар самарали ва оммабопроқдир. Бу мамлакатда шамол энергиясидан мавсумий тарзда фойдаланилади.

Шамол энергетикаси ҳақида гап кетар экан Данияни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Ҳозирда бу кичик давлат ишлаб чиқарган ялпи энергиянинг 39 фоизини шамол етказиб бераётибди. Даниянинг айрим ҳудудий бўлинмалари тўлалигича шамол энергиясига мослаштирилгандир.

Қуйида Осиё мамлакатларининг бирида улкан шамол генератори қурилиш жараёнини томоша қилинг

Энергия тақчиллиги Ўзбекистонда ҳам сезилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатимиз серқуёш бўлиш билан бирга шамолли ҳамдир. Хусусан, республикамизнинг шамоли билан танилган Бекобод, Қўқон, Термиз ва бошқа ҳудудларига шамол энергиясини ишлаб чиқарувчи генераторлар тизими ўрнатиш тўғрисида ўйлаб кўриш вақти етди.