Sharp Aquos S3: тақдимот куни ва жиҳатлар аниқ!

Sharp Aquos S3: тақдимот куни ва жиҳатлар аниқ!

Рамкасиз экранли смартфонлар энди ҳайратланарли воқеа эмас. Япониянинг Sharp компанияси эса юпқа ромли илғор смартфонини илк маротаба кўз-кўз қилди. Аслида смартфон саноатида "ромсизлик" трендини шу бренд бошлаб берган ва кейинчалик ундан воз кечиб қўя қолган эди.

Жорий ҳафтада Sharp компаниясининг Хитойдаги бўлинмаси Aquos S3 mini номли смартфонни тақдим қилган эди. 5,5 дюймли ва 2040х1080 пикселли экран, Qualcomm Snapdragon 630 процессори, 6 ГБ тезкор ва 64 ГБ доимий хотира, 3020 мА соат сиғимли аккумуляторга эга бу девайс 250 АҚШ долларига баҳолангани билан аҳамиятли.

Кеча эса япониялик компания 28 март куни Sharp Aquos S3 модели тақдим этилишини расман эълон қилди. Намойиш маросими Вьетнамда бўлиб ўтади.

Экрани 6 дюймли бўлган смартфон дисплейи TF COF технологияси асосида ишлаб чиқарилган жаҳондаги илк гаджет бўлади ва у олд панелнинг 91% қисмини эгаллаб олади. Бу дегани Sharp Aquos S3 жаҳондаги 6 дюймли энг ихчам смартфон бўлади. Экран 2.5D Corning Gorilla ҳимоя шишаси билан қоплаб олинган.

Девайснинг олд панелида сўнгги айфон флагманидаги каби таниқли ўйиқ бўлади. Sharp Aquos S3 аппарати Snapdragon 630 ёки Snapdragon 660 процессори билан таъминланади. Унда графикаларни қайта ишлаш учун Adreno 512 видео картаси масъул бўлади.

Смартфон 4/6 Гб оператив хотирага, 64/128 Гб доимий хотирага эга бўлади. Тезкор хотира "LPDDR4x" турига мансуб ва маълумотни тезкор ёзиш имконига эга. microSD ёрдамида доимий хотирани 256 гигабайтгача катталаштириш мумкин.

Sharp Aquos S3'даги қўш бўлмачалар гибрид (nano + nano / microSD), яъни унга 2 та сим карта ёки битта сим-карта ва қўшимча хотира картасини жойлаш мумкин.

16 мегапикселли олд камерага ҳамда 13 мегапикселли + 12 мегапикселли модуллардан иборат бош камерага эга бўлади.

Sharp Aquos S3'нинг 16 мегапикселли олд камераси юздаги 1024 та белги ва нуқтани текширади ҳамда телефонни 0,1 секунд ичида блокировкадан чиқаради. Смартфон орқа панелида бармоқ изи сканери ҳам бор.

Sharp Aquos S3 аккумулятор сиғими 3100 мА соат бўлади. Бу батареяни QUICK CHARGE 3.0 ёрдамида бир соатга қолмай тўлдириш мумкин. Мазкур девайс Android Nougat тизими бошқарувида ишлайди.

Бошқа жиҳатлар: 4G VoLTE, WiFi 802.11 (2,4 ГГц + 5 ГГц), Bluetooth 5, GPS + ГЛОНАСС, USB Type-C.