Смартфон ҳақида 7 та қўрқинчли факт

Смартфон ҳақида 7 та қўрқинчли факт

Гарчи технологиялар ривожланган сари одамларнинг турмуши осонлашиб борса-да, мазкур ҳолатнинг акс таъсири мавжуд эканини инкор қилиб бўлмайди. Масалан, ушбу ҳолатни смартфонлар мисолида кўрадиган бўлсак, вазият янада ойдинлашади. 4PDA нашри смартфонлар билан боғлиқ бир нечта қўрқинчли фактни эълон қилди. Қуйида улар билан танишиб чиқамиз.

Смартфонлар бизни кузатади

Аввалги ЭҲМлар фақатгина бир кишининг фойдаланишига мўлжаллангани боис уларни “персонал компьютерлар” деб ҳам аташган. Бироқ смартфонларни ҳеч қанақасига “шахсий” ёки “персонал” қурилма” деб номлаб бўлмайди. Сноуденнинг маълум қилишича, “смурф” номли зарарли дастурлар орқали нафақат бегоналарга тегишли смартфонларни бошқариш, балки улардаги маълумотлардан ҳам фойдаланиш имконияти мавжуд ва ҳеч қайси смартфон ҳозирча бундай ҳужумларга қарши кучли ҳимоя тизими билан таъминланмаган. Шунинг учун бўлса керак, киберҳимоя соҳаси вакиллари ҳар доим смарт қурилмаларнинг камерасини ёпишни тавсия қилишади. Масалан, хакерлар кимсан Марк Цукербергнинг ноутбукидаги веб-камера орқали унинг расмини олиб, тармоққа жойлаштиришди. Буёғини тушуниб олаверинг…

Смартфонлар бизни ўмаришда ёрдам беради

Баъзида соддалик туфайли одамлар интернетга ҳаддан ташқари кўп шахсий маълумотларни жойлаштиришади. Айниқса, ижтимоий тармоқлардаги суратлар бизнинг жойлашувимиз, манзилимиз ва иқтисодий ҳолатимизни ўғриларга билдиришда ёрдам беради. Бундай нохуш вазиятларнинг олдини олиш учун тармоқда ўзингиз ҳақингизда кўп маълумот берадиган ахборотларни жойлайтирмаслик лозим. Шунингдек, имкони борича геотеглардан камроқ фойдаланишга ҳаракат қилиш керак.

17f8rtrvagua5jpg

Смартфонлар зарарли радиация тарқатади

Ҳар қандай радиомодуль радио тўлқинларни тарқатади. Ҳатто смартфонни автоном/парвоз режимига қўйганда ҳам, қайсидир миқдорда радиотўлқинлар қабул қилинишда давом этади. Аксарият ҳолларда радио сигналлар сифатли даражада узатилмагани туфайли смартфонлар кўпинча фаол тарзда ишлашига тўғри келади. Ҳозирча радиотўлқинларнинг инсон саломатлигига бўлган таъсири тўғрисида бир-бирига қарама-қарши фикрлар мавжуд. Устига-устак, бундай қурилмалар яратилгани кўп бўлгани йўқ. Шундай бўлса-да, баъзи шифокорлар смартфонлар инсон соғлигига салбий таъсир кўрсатишини таъкидламоқдалар. Айниқса, телефонда кўп гаплашиш келажакда жиддий касалликларга (ҳатто саратонга) сабаб бўлиши айтилмоқда. Бунинг олдини олиш учун симли гарнитурадан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

antenna

Смартфонлар кучли боғлиқликни келтириб чиқаради

Бугунги кунда, асосан, ижтимоий тармоқлар туфайли инсоният тобора смартфонлар ва шунга ўхшаш гаджетларга боғланиб қолмоқда. Ҳатто ҳолат шу даражага етдики, смартфонлар тунда ҳам одамларга тинчлик бермай, “электрон уйқусизлик”ни келтириб чиқаряпти.  Telegraf нашрининг ёзишича, Британияда истиқомат қиладиган мактаб ёшидаги болаларнинг 45 фоизи мана шундай салбий таъсир остида экан.

I-forgot-my-phone-screenshot

Смартфондаги навигация сервислари ўлимга ҳам олиб келиши мумкин

Тан олиш керак, турли навигация иловалари ва хариталари ҳар хил манзилларда ҳаракатланишда катта ёрдам беради. Бироқ навигатордаги “руҳсиз” овозга сўзсиз қулоқ тутиш ҳам тўғри ҳаракат эмас. Нима бўлганда ҳам у машина, у техника. Сиз эса онгли жонзот. Шунинг учун навигаторлардан оқилона фойдаланиш фақат ва фақат ўзингизнинг манфаатингизга хизмат қилади. Навигатор сизни боши берк кўчага олиб бориши ёки умуман бошқа манзилга етаклашини инкор қилиб бўлмайди.

smartphone_as_gps_24

Смартфонлар портлайди

Бу ҳақда сўнгги вақтларда, айниқса, Samsung Galaxy Note 7 туфайли жаҳон ахборот ресурсларида жуда кўп янгиликлар ёзилди. Ушбу ҳолат сиз чўнтагингизда истаган пайт ёниб кетиши мумкин бўлган қурилмани олиб юришингизни тасдиқлади. Бу ерда гап фақат Galaxy Note 7 ҳақида бормаяпти, умуман батареядан қувватланадиган ҳар қандай смартфон портлаши мумкин. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун ишлаб чиқарувчи томонидан берилган кўрсатмаларга амал қилиш керак. Смартфондан тўғри фойдаланиш қоидаларига риоя этиш зарур.

samsung-galaxy-note-7

Смартфонлар самолёт ҳалокатига сабаб бўлиши мумкин

Авиация соҳасида хавфсизлик жуда муҳим омиллардан бўлгани боис учар транспорт воситалари бортида радиотўлқинли қурилмалардан фойдаланиш тақиқланган. Сабаби телефон сигнали нафақат бортдаги тизимнинг бирор қисмидаги ўтказгичга ўтиши, балки бортда электромагнит индукцияни ҳосил қилиши мумкин. Бу эса, масалан, датчикларнинг нотўғри ишлашига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, телефондаги тўлқинлар учувчига диспетчер билан алоқага чиқишга тўсқинлик қилиши ҳам истисно этилмайди. Бу эса қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур этиш қийин эмас. Шунинг учун имкони борича самолёт ичида телефонни ўчириш, албатта, ўзингиз ва бошқаларнинг фойдасига бўлади.