Смартфон ва ноутбукдаги Wi-Fi уланиши янада тезлашади

Смартфон ва ноутбукдаги Wi-Fi уланиши янада тезлашади

The Verge нашрининг маълумот беришича, шу кунларда Wi-Fi Alliance компанияси WiGig номли юқори тезликдаги Wi-Fi стандартини қўллаб-қувватлайдиган ноутбук, смартфон, рутер ва бошқа қурилмаларни сертификатлашга киришди. WiGig стандартининг хусусияти шундаки, у жорий Wi-Fi уланишидан икки баравар тезроқ ишлаши мумкин. WiGig функциясини қўллаб-қувватлайдиган девайслар 2017 йилда сотувга чиқарилиши режалаштирилган.

Wi-Fi Alliance ҳисоботларида қайд этилишича, WiGig тармоғи фақат қисқа радиусларда (ўртача 10 метр) самарали ишлай олади. Гарчи 10 метрли ишлаш радиуси янги тармоқ учун жиддий камчилик ҳисобланса-да, экспертлар унинг имкониятлари кутилгандан кўплигини қайд қилишмоқда. Мисол учун, WiGig стандартидан юқори тезликдаги интернет уланишини талаб қиладиган виртуал реаллик қурилмалари ёки ўйин консолларида самарали фойдаланиш мумкин.

Бундан ташқари, мазкур технологияни оммавий Wi-Fi хизмати провайдерлари ҳам ўз бизнесларида ишлатишлари мақсадга мувофиқ саналади. Wi-Fi Alliance вице-президенти Кэвин Робинсоннинг таъкидлашича, келажакда WiGig тармоғидан йирик ўйин стадионларида фойдаланиш мумкин бўлади.

Аксарият ноутбук ва смартфонлар бугунги кунда максимум тезлиги 4,5 Гбит/сония бўлган Wi-Fi 802.11 ac стандартини қўллаб-қувватлайди. WiGig учун махсус яратилган 802.11 ad стандартининг максимум тезлиги эса сониясига 8 Гбитни ташкил қилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!