Статистика органлари томонидан барча ҳисоботлар фақат электрон кўринишда кабул қилинмоқда

Статистика органлари томонидан барча ҳисоботлар фақат электрон кўринишда кабул қилинмоқда

2016 йил 28 декабрь куни Давлат статистика қўмитасида “Мустақиллик йилларида давлат статистика тизимида илғор халқаро методологияни жорий этиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар берди, дея ёзади Kun.uz.

Маълум қилинишича, хусусий тадбиркорликка кенг имкониятлар бериш, мамлакат ҳаётида унинг ролини ошириш бўйича амалга оширилган кенг миқёсли чора-тадбирлар натижасида, юридик мақомга эга бўлган кичик бизнес субъектлари сони 2000 йилдаги 125,6 мингдан 2016 йилда 207,1 мингтага кўпайди.

Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари учун давлат статистика ҳисоботларини тақдим этиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтида бепул тақдим этиладиган «eStat 2.0» статистик ҳисоботларни электрон кўринишда йиғишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилди.

Натижада, 2011 йилда респондентларнинг атиги 4 фоизи электрон кўринишда ҳисобот топширган бўлса, 2014 йилга келиб бу рақам 98,4 фоизга етди, 2015 йилдан эса статистика органлари томонидан барча ҳисоботлар фақат электрон кўринишда кабул қилинмоқда.

Шунингдек, статистика органлари томонидан охирги беш йилда 10 та ахборот тизимлари ишга туширилди. 2016 йилдан бошлаб, давлат статистика органлари томонидан жаҳон амалиётида умумқабул қилинган Ялпи ички маҳсулот тузилмаси ҳисоби услубиётини жорий этиш ва макроиқтисодий кўрсаткичларни Фаолиятнинг халқаро стандарт таснифлагичи асосида шакллантиришни таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бунинг натижасида, тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар учун макроиқтисодий кўрсаткичларни таҳлил қилиш ҳамда Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг статистик ва таҳлилий кўрсаткичларини таққослаш бўйича енгилликлар яратилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!