Twitter ижтимоий тармоғи 10 ёшга тўлди

Twitter ижтимоий тармоғи 10 ёшга тўлди

Бутун дунёдаги интернет фойдаланувчиларининг мулоқот майдони бўлмиш Twitter ижтимоий тармоғига асос солинганига 10 йил тўлди. Бугун тармоқ фойдаланувчилари шу муносабат билан #LoveTwitter хэштеги остида твитлар қолдиришмоқда ва бу ҳэштег тренднинг энг юқорисида турибди.

2006 йил 21 март куни унинг асосчиларидан бири Жек Дорси “Мен ўз твиттеримни яратяпман” деган илк твитини ёзганди. Ўтган вақт ичида ижтимоий тармоқ 35 тилда юритиладиган, ойлик аудиторияси 320 миллион фойдаланувчига етадиган катта ресурсга айланди. Дунёнинг 35 давлатида компания офислари жойлашган. Аккаунтлар 79 фоизи АҚШдан ташқарида очилган.

“Twitter жаҳонда қандай янгиликлар рўй бераётганини қулай усулда билиш учун энг яхши восита. Уни аллақачон улғайган болакайга ўхшатиш мумкин. Мазкур сервис янгиликларни бир зумда тарқатиш имкониятини беради”, — дея компания асосчиси ва бошқарувчиси Жек Дорси NBC телекомпаниясига берган интервьюсида.

Twitter 140 та белгидан иборат чекловни бекор қилмайди

“Биз бир қанча ўзгаришларни амалга оширдик. Лекин твитда белгилардан фойдаланиш бўйича чеклов ўз ўрнида қолади. Бу биз учун яхши чеклагич, у лўнда бўлиш имконини беради”, дейди Дорси.

Шу тариқа, Дорси ОАВларда Twitter тез орада битта твитдаги белгилар сонига қўйилган чекловни олиб ташлаши ҳақида вақти-вақти билан пайдо бўлиб турган хабарларни рад этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Twitter фойдаланувчиларига ҳозирги 140 белги ўрнига 10 минггача белгидан иборат ҳажмдаги постларни жойлаштириш имкониятини беришни режалаштираётгани айтилган эди.

Манба: Kun.uz