Vivo ўзининг Х Fold 2 ва Х Flip букламафонларини расман тақдим қилди

Vivo ўзининг Х Fold 2 ва Х Flip букламафонларини расман тақдим қилди

Букланадиган смартфонлар бозоридаги энг сўнгги "ўйинчилар" – Vivo компаниясидан Х Fold 2 ва Х Flip букламафонлари расман Хитойда тақдим қилинди. Бу ерда Х Fold 2 китоб шаклидаги букланадиган модел бўлиб, у ўз авлодининг иккинчиси бўлса, Х Flip компаниянинг вертикал тарзда букланадиган илк смартфони ҳисобланади.

Vivo Х Fold 2

Vivo Х Fold 2 моделидан бошлайдиган бўлсак, у 8.03 дюймли 120 герц янгиланиш тезлигига эга 2К+ (2160×1916) резолюциядаги Samsung E6 AMOLED ички дисплейи билан жиҳозланган ва у 1800 нит максимал ёрқинлликка эриша олади. Унинг ошиқ-мошиқ тизими "томчи" деб номланадиган янгича стилда яратилган бўлиб, у ўтган йилги Х Fold ва Х Fold+ моделларига қараганда анча енгил ва чидамлироқ ҳисобланади. Компания у 400 минг мартадан ортиқ букланишдан кейин ҳам яхши ишлашда давом этишини таъкидлайди.

Букламафон ташқи экрани эса 6.53 дюмли 120 герц янгиланиш тезлигига эга 2520×1080 пиксел резолюциясидаги AMOLED дисплей бўлиб, у ва ички дисплей ҳам ултрасоник бармоқ изини аниқлаш сенсорлари ва 16 мегапикселли селфи камера билан жиҳозланган.

Таъкидлаш жоизки, Х Fold 2 ўзининг аввалгиларидан букланган ҳолатида 2 миллиметрга ингичка ва 33 граммга енгил.

Vivo Х Fold 2 орқа томонида учлик камера тизимга эга: 50 MP асосий (IMX866V, OIS билан), 12 MP ултра-кенг ва 20× гача рақамли зум қилиш имконини берадиган яна битта 12 MP сенсор. Ушбу камералар Vivo ўзи ишлаб чиқарган V2 чипи, ҳамда, Zeiss билан бирга ишлайди ва улар билан 8К форматида 30 кадр/секунд тезликдаги видеолар олиш мумкин.

Букламафон Snapdragon 8 Gen 2 чипсетига боғланган LPDDR5Х оператив ва UFS 4.0 доимий хотирада Android 13 га асосланган Origin 3 операцион тизимида ишлайди. Унинг 4800 мА/соат батареясини 120 Вт симли ёки 50 Вт симсиз зарядлаш мумкин.

Vivo Х Flip

Vivo Х Flip моделига келадиган бўлсак, у 6.74 дюймли ФҲД+ резолюстиядаги 120 герц янгиланиш тезлигига эга LTPO AMOLED дисплейга эга. У ҳам томчи стилидаги ошиқ-мошиқ билан чиқарилган бўлиб, бунда у 500 минг мартагача букланишларга чидамлилиги учун ТÜV Rheinland сертификатини олган. Экран юқори марказида 32 мегапикселли селфи камера, қурилма ён томонида эса бармоқ изини аниқлаш сканери жойлашган.

Х Flip орқа томонидаги камералар остида горизонтал жойлашган 3 дюймли қўшимча AMOLED экранга эга ва у билан сиз харита навигациясидан тортиб ижтимоий тармоқларгача фойдаланишингиз мумкин. Камералар ҳақида гап кетганда шуни айтиш керакки, улар иккита ва уларнинг иккови ҳам Х Fold 2 камера сенсорлари билан бир хил: асосийси 50 MP ва ултра-кенгги 12 MP.

Қурилма Snapdragon 8+ Gen 1 чипсетида Android 13 га асосланган Origin OS 3 операцион тизимида ишлайди. Унинг 4400 мА/соат батареясини 44 Вт тезликда зарядлаш мумкин.

Иккала букламафонларнинг ҳам хотира конфигурациялари ва нархлари қуйидагича:

Vivo Х Fold 2

  • 12/256 GB – 8999 юан (≈1305 доллар)
  • 12/512 GB – 9999 юан (≈1450 доллар)

Vivo Х Flip

  • 12/256 GB – 5999 юан (≈870 доллар)
  • 12/512 GB – 6699 юан (≈972 доллар)

Афсуски, букламафонларнинг глобал бозорга чиқарилиши ҳақида маълумотлар йўқ.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!