Xiaomi Mi 11'нинг техник жиҳатлари билан танишамиз

Xiaomi Mi 11'нинг техник жиҳатлари билан танишамиз

Xiaomi Mi 11 2020 йилнинг узоқ кутилган якунидан уч кун олдин тақдим қилинганди. Янги йилга совға бўлган Mi 11 янги авлод флагманлари қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб берди.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy S21'нинг техник жиҳатлари билан танишамиз

Смартфоннинг глобал дебюти Хитойдаги премьерадан бир неча ҳафтадан сўнг бўлиб ўтди, смартфон ва ниҳоят сотувга чиқди. Xiaomi Mi 11 Snapdragon 888 чипида ишлайдиган смартфонлар орасида илк тақдим қилингани билангина ажралиб турмайди. Қурилманинг мақташга арзирли жиҳатлари талайгина.

Mi 11'да ўтган йилги Mi 10'га қараганда қатор сезиларли янгиланишлар амалга оширилган. Девайс 1440p резолюция ва 120Hz янгиланиш частотасига эга 6.81" AMOLED экран билан жиҳозланган. Панель HDR10+ форматини қўллаб-қувватлайди. Дисплейнинг максимал ёрқинлиги 1500 нитга тенг. Яна бир қувонарли янгилик 10-битли ранглар қўллаб-қувватланиши бўлиб, бу билан Mi 11 бир миллиард рангларни акс эттира олади.

Mi 11 олдинги авлод Mi 10 қурилмаси билан деярли бир хил камераларга эга. Лекин Xiaomi видео функцияларни янгилаган ва эндиликда сиз флагман ёрдамида худди Голливуд фильмларидаги каби эффектларни ҳосил қила оласиз. 108МП асосий, 13МП ультракенг, 20МП селфи камералар ўтган йилги билан бир хил бўлса, макро камера резолюцияси эндиликда 5МПни ташкил қилади, ушбу камера, шунингдек, автофокус ва 48 мм макро объективга эга.

Смартфон аккумулятори борасида ҳам ўзгаришлар мавжуд. Mi 11 аккумулятор сиғими ўтган йилгига қараганда бироз кичикроқ (4,600 мАс vs 4,760 мАс). Батарея икки қисмга бўлинган бўлиб, уни бир вақтнинг ўзида 55 Вт симли ва 50 Вт симсиз қувватлаш мумкин. Xiaomi харидорларга 55 Вт GaN зарядчигини текинга бермоқда.

Mi 11'нинг стерео карнай тизими ҳам янгиланган бўлиб, динамиклар Harman/Kardon томонидан созланган. Смартфон расман чанг ва сувдан ҳимоянинг IP даражасига эга бўлмаса ҳам, карнайлар сувдан ҳимояланган.

Келинг, энди флагманнинг техник жиҳатларига эътибор қаратамиз.

Xiaomi Mi 11'нинг техник жиҳатлари:

> Корпус: 164.3х74.6х8.1 мм, 194 г; шишадан ишланган олд панель (Gorilla Glass Victus), шишадан (Gorilla Glass 5) ёки экологик тоза чармдан ишланган орқа панель, алюминий ром.

> Дисплей: 6.81" AMOLED, 1 млрд ранг, 120Hz, HDR10+, 1500 нит (макс.), 1440х3200p резолюция, 20:9 томонлар нисбати, 515 пиксел/дюйм зичлик.

> Чипсет: Qualcomm SM8350 Snapdragon 888 (5 nm): саккиз ядроли (1x2.84 GHz Kryo 680 & 3x2.42 GHz Kryo 680 & 4x1.80 GHz Kryo 680); Adreno 660.

> Хотира: 128ГБ 8ГБ RAM, 256ГБ 8ГБ RAM, 256ГБ 12ГБ RAM; UFS 3.1.

> ОТ/Дастурий таъминот: Android 11, MIUI 12.

> Орқа камера: •Кенг (асосий): 108 МП, f/1.9, 26 мм, 1/1.33", 0.8 µм, PDAF, OIS; •Ультракенг камера: 13 МП, f/2.4, 123˚, 1/3.06", 1.12 µм; •Макро: 5 МП, f/2.4, 1/5.0", 1.12 µм.

> Олд камера: 20 МП, f/2.2, 27 мм (асосий), 1/3.4", 0.8 µм.

> Видео ёзув: •Орқа камера: [email protected]/30 кадр/сек., [email protected]/60 кадр/сек., [email protected]/60/120/240 кадр/сек., гиро-EIS, HDR10+; •Олд камера: [email protected]/60 кадр/сек., [email protected] кадр/сек.

> Аккумулятор: 4,600 мАс; 55 Вт тезкор қувватлаш, 45 дақ 100% (рекламага кўра), 50 Вт да симсиз тезкор қувватлаш, 53 дақ 100% (рекламага кўра), 10 Вт да симсиз тескари қувватлаш, Power Delivery 3.0, Quick Charge 4+.

> Бошқа: бармоқ изи сканери (экран остида, оптик), NFC, инфрақизил порт.

Mi 11 премиум материаллардан ишланган. Смартфоннинг олд томонига Gorilla Glass Victus, орқа томонига эса Gorilla Glass 5 шишаси ўрнатилган бўлиб, иккала панель ҳам қайрилган. Алюминийдан ишланган ром ҳам қўлга хуш ёқади. Агар хоҳласангиз, орқа панелнинг экологик тоза чармдан ишланган талқинини ҳам харид қилишингиз мумкин.

Қадоқ таркиби
Mi 11 Xiaomi'нинг зарядчиксиз сотиладиган илк смартфони бўлиши кўзда тутилганди. Бироқ Samsung'дан фарқли ўлароқ, Xiaomi фойдаланувчилар олдида танлаш имкониятини қолдирди.

Осиё бозорларида Mi 11 зарядчиксиз сотилади. Лекин бундан хавотирланманг. Агар сизга зарядчик керак бўлса, сотувчидан сўрасангиз, 55 Вт лик GaN адаптерини текинга оласиз.

Дунёнинг бошқа қисмларида эса зарядчик стандарт равишда қадоқ ичига солиб қўйилган.

55 Вт лик қувватлагич билан бирга қадоқ ичида 6А номиналидаги USB-C-2-USB-А кабели ва шаффоф силикон ғилоф мавжуд.

Яна бир нарса эсдан чиқмасин. Қадоқ ичида бир томони USB-C иккинчи томони 3.5 мм аудио жек бўлган адаптер ҳам бор бўлиб, унинг ёрдамида симли қулоқчинлар билан мусиқа тинглаш мумкин бўлади.

ЎҚИНГ: ТераТавсиф: Xiaomi Redmi Note 9 Pro (1-қисм)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!