Xiaomi Mi 8 савдода рекорд ўрнатди

Xiaomi Mi 8 савдода рекорд ўрнатди

Хитойнинг ахборот технологиялари соҳасида йирик гигантга айланиб бораётган Xiaomi компанияси Mi 8 флагманини савдога чиқарди.

Xiaomi Mi 8 моделининг илк партияси Хитойда 37 секунд ичида сотиб юборилди. Бу Хитойнинг My Drivers ресурси хабар тарқатган. Флагман Хитойда 5 июнь куниёқ сотувга чиққан. Девайснинг кейинги партияси 12 июнда, Хитой вақти билан соат 10:00 да сотувга чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, Xiaomi Mi 8 модели 31 майда тақдим этилган эди. Mi 8 флагмани AMOLED-панели ҳамда айни пайтда жаҳоннинг энг кучли чипларидан бўлган Snapdragon 845 билан таъминланган.

Mi 8 моделидаги 6,21 дюймли дисплейнинг пикселлар сиғими 2248 x 1080 га тенг. Мазкур экранда компаниянинг шахсий ишланмаси бўлган фойдаланувчининг юз-қиёфасини 3D ўлчамда текширишдан ўтказиш тизими жорий қилинган. Айни пайтда Андроид смартфонлар учун энг самарадор ҳисобланган Qualcomm Snapdragon 845 процессори мазкур девайснинг муҳим ўзига хосликларидан биридир.

Xiaomi Mi 8 бош камерасининг асосий сенсори 20 мегапикселли ва ёруғлик тақсимловчи диафрагма f / 1.7 стандартли; бош камеранинг қўшимча сенсори ҳам 12 мегапикселли, бироқ f / 2.4 диафрагмали. Олд камерадаги сенсор 16 мегапикселли, унинг ёруғлик тақсимловчи диафрагмаси f / 2.0. Барча камералар "ақлли", яъни сунъий технология ёрдамида ёрқин суратлар олиш учун мустақил ишлай олади.

Xiaomi Mi 8 флагманининг 6 ГБ + 64 ГБ хотирали талқини учун Хитойда 424 АҚШ доллари, 6 ГБ + 256 ГБ хотирага эга талқини 515 АҚШ долларидан нарх белгиланган. Унинг халқаро миқёсда биринчилардан бўлиб Миср, Испания, Ҳиндистон, Италия, Франция, Вьетнам ҳамда Россияда сотувга чиқарилиши айтилмоқда.

Ўқинг: Xiaomi Redmi 6 – ҳайратомуз ҳамёнбоп

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!