Янги стартап таътилингизни коинотда ўтказишни таклиф қилмоқда

Янги стартап таътилингизни коинотда ўтказишни таклиф қилмоқда

Бирор марта навбатдаги таътилингизни коинотда сузиб юрган беш юлдузли меҳмонхонада ўтказишни орзу қилганмисиз? Агар орзу қилган бўлсангиз, бу атиги бир неча йил ичида рўёбга чиқиши мумкин.

Orion Span номли фаолиятини коинот билан боғлаган янги технологик стартап Aurora Station номли муҳташам фазовий меҳмонхонани яратиш устида иш олиб бормоқда. Меҳмонхона 2021 йилда фазога учирилиши режалаштирилган бўлиб, агар ушбу режа кўнгилдагидек амалга ошса, 2022 йилдан бошлаб меҳмонларни қабул қила бошлайди.

Бўлажак меҳмонларга коинотдаги 12 кундан иборат унутилмас таътил таклиф қилинмоқда. Меҳмонлар бу мўъжаз, лекин кенг имкониятларга бой меҳмонхонада WiFi, вазнсизлик, виртуал воқелик ва бошқа астронавтларгина бошдан кечириш имкониятига эга бўлган саргузаштларни синаб кўришлари мумкин.

Меҳмонхонада 12 кунлик дам олиш баҳоси ҳам унча «қиммат» эмас. «Атиги» $9,5 миллион эвазига бу чиптани сотиб олишингиз, «бор-ёғи» $80,000 га эса навбатингизни олдинга суришингиз мумкин.

Aurora Station'да бир вақтнинг ўзида 6 киши - тўрт нафар меҳмон ва икки нафар экипаж аъзоси бўлади. Станция Ердан 320 километр баландликда сузиб юради ва Ер атрофини ҳар 90 дақиқада айланиб чиқади. Натижада меҳмонлар бир сутка ичида 16 марта қуёш ботиш ва чиқиш ҳолатига гувоҳ бўладилар. Бундан ташқари сайёрамизда жуда кам инсон жонли гувоҳ бўладиган Шимолий ва Жанубий Қутбларни ҳам айни шу меҳмонхонадан туриб томоша қилишингиз мумкин.

Бироқ бу меҳмонхонада дам олиш учун пул тўлашнинг ўзи кифоя эмас. Дам олишга талабгорлар Orion Span'нинг уч ойлик астронавтлик дастуридан ўтишлари талаб қилинади.

Ушбу дастур доирасидаги машқлар давомида бўлажак дам олувчилар коинотгача ҳаво кемасида учиб боришга тайёргарлик кўриш, вазнсизлик ҳолатида яшашга кўникиш ва астронавтлар бажарадиган бошқа чиниқиш машқларини ўтайдилар.

Ушбу ўзига хос меҳмонхонада дам олиш учун 2019 йилдан ариза топширишингиз мумкин.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Winsloop

Сиёсий-ижтимоий мавзулардан тортиб, технологияга қадар ёритишни хуш кўрувчи мустақил журналист, таржимон ва фрилансер.