Ёшлар “бизнес автобус”ларда саёҳатга чиқди

Ёшлар “бизнес автобус”ларда саёҳатга чиқди

Тошкентдаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши томонидан тижорат банклари билан ҳамкорликда “Бизнес автобус” лойиҳаси ўтказилди. Бу ҳақда УзА ахборотига асосланиб Кун. уз хабар тарқатди.

Мазкур лойиҳадан мақсад йигит-қизларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакат иқтисодиёти юқори ўсиш суръатларининг барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшиш экани айтилмоқда.

Лойиҳага тадбиркорликка қизиқиши бўлган жами 850 йигит-қиз жалб қилинди. Қатнашчилар “бизнес автобусларда ҳудудларга сафарларга чиқиб, турли бизнес компаниялари ва ташкилотлар иш фаолияти билан танишди. Тадбир давомида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказиб келинаётган “Менинг бизнес ғоям” ва “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳаларининг тарғиботи юзасидан фикр алмашилди. Тижорат банкларининг кредит сиёсатига оид семинар ташкил этилди. Унда мутахассислар ёшларга тадбиркорлик фаолиятига оид қонунлар, бизнес-режа тузиш ва уни амалга оширишда банк кредитларидан фойдаланиш каби масалалар юзасидан тушунча ва тавсиялар берди.