YouTube Ўзбекистондаги монетизация чекловини олиб ташлаши мумкин

YouTube Ўзбекистондаги монетизация чекловини олиб ташлаши мумкин

Маълумки, YouTube кўплаб мамлакатларда контент яратувчиларга монетизация хизматини таклиф қилади. Бунда ижодкорлар ўзларининг видеолари орқали пул топишлари мумкин: видео қанчалик кўп кўрилса шунча кўп даромад бўлади. Бунда YouTube ижодкорларнинг видеоларига ўз ҳамкорларининг рекламаларини жойлаштириб беради.

Афсуски, YouTube'нинг монетизация тизими Ўзбекистонда мавжуд эмас, яъни сизнинг видеоларингиз қанчалик кўп кўрилмасин YouTube бу учун пул тўламайди. Бироқ, бу тез орада ўзгариши мумкин.

Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири, Саида Мирзиёева ўзининг Telegram саҳифасида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник билан учрашганлиги маълум қилди.

Маълум бўлишича, учрашувда кўп лойиҳалар юзасидан фикр алмашилган, хусусан, Google (YouTube) компанияси билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва бу орқали ахборот соҳасига оид айрим муаммоларни биргаликда ҳал этиш масалалари муҳокама қилинган.

"Кўплаб блогерларимиздан YouTube монетизациясининг чекланиши юзасидан мурожаатлар келиб тушган эди. Шу боис учрашувда элчи жаноблари билан ушбу компания вакиллари билан учрашув ташкил этиш ва вазиятни ўрганиш бўйича келишиб олдик", – дейилади Саида Мирзиёева хабарида. 

Гарчи ҳозирда YouTube'нинг монетизация хизмати Ўзбекистонда қачондан ишга туширилиши ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда тез орада бу нарса амалга оширилишидан умид қилишимиз мумкин.

YouTube'нинг монетизация хизматининг Ўзбекистонда ҳам ишга туширилиши бир томондан ижодкорлар учун яхши янгилик бўлса, бошқа томондан оддий фойдаланувчилар учун ёмон хабар бўлиши мумкин, чунки энди сиз YouTube видеолари орасида рекламалар кўришни бошлайсиз.