YouTube ўз ижтимоий тармоғини ишга туширади

YouTube ўз ижтимоий тармоғини ишга туширади

Энг йирик видеохостинг YouTube ўзининг YouTube Сommunity номли ижтимоий тармоғини ишга тушириш арафасида турибди. Сервиснинг бета-версияси айни вақтда синовдан ўтказилмоқда. Ҳозиргача маълум қилинган янгиликларга кўра, янги ижтимоий тармоқ видеоролик муаллифларига  ўз каналларида нафақат видео, балки бошқа контентни ҳам обуначилар билан улашиш имкониятини беради. Жумладан, Community бўлимида блогерлар расм, матн, GIF-анимация ва бошқа файлларни жойлаштиришлари  мумкин. Барча маълумотлар канал обуначилари лентасида автоматик равишда кўринади.

Видеохостинг вакиллари фойдаланувчиларнинг муносабатини диққат билан кузатишларини айтишган. Келажакда улар яна қўшимча бир қатор янги функцияларни тармоққа жорий этиш билан YouTube Community имкониятларини кенгайтиришни режалаштиришган.

YouTube Community тармоғининг асосий мақсади видео муаллифларига аудиторияни жалб қилиш, уларни каналга қизиқтириш ва фойдаланувчилар билан мулоқот қилишга кўмаклашишдир.