ZTE Axon 7s: яна бир кучли смартфон рақобат майдонида

ZTE Axon 7s: яна бир кучли смартфон рақобат майдонида

2016 йилда ZTE компанияси томонидан тақдим қилинган Axon 7 смартфони бренд ишқибозлари ўртасида етарлича оммалашгач, хитойлик ишлаб чиқарувчи жорий йилда мазкур моделни янада такомиллашган талқинда тақдим этишга қарор қилди.

24 апрел куни ZTE янги — Axon 7s номли “ақлли телефон” модели тўғрисида маълумотларни эълон қилди. Таъкидланишича, янги смартфон 2016 йилнинг флагман процессори бўлган Snapdragon 821 ҳамда қўш модулли бош камера билан таъминланади.

Қўш модуллардан бири учун 20 мегапикселли Sony IMX350 сенсори, иккинчиси учун Sony IMX368 сенсори танланган. Ҳар иккала сенсорда f/1.8 стандартидаги апертура, фазали автофокус ҳамда 4К форматда видео ёзиш жорий қилинган. Олд камера эса 8 МП матрицага эга.

ZTE Axon 7s смартфони 5,5 дюймли сиғими QuadHD бўлган AMOLED дисплей, стерео — қўш динамиклари билан ўзига хосдир. Snapdragon 821 билан бирга, ZTE Axon 7s аппарат платформасига 6 Гб сиғимли тезкор ҳамда 128 Гб доимий хотира ўрнатилган. Бу гал тезкор қувват оладиган аккумулятор сиғими ошиб, 3400 мА соатга етган. Телефон алоқанинг Wi-Fi, 4G LTE ҳамда GPS тармоқларини қўллаб-қувватлайди. Ушбу алоқа воситаси Android 7.0 Nougat бошқарув тизимида фаолият кўрсатади.

Нарх-наво масаласида ҳозирча ZTE аниқ маълумот тақдим этмаган. Инсайдерларнинг ёзишларича, смартфон 590 АҚШ доллари атрофида сотувга чиқади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!