Apple чоракларни эмас, кейинги минг йилликни нишонга олмоқда

Apple чоракларни эмас, кейинги минг йилликни нишонга олмоқда

Аввалги ойда Apple раҳбари Тим Кук интервьюларидан бирида компания кейинги минг йилликни кўзлаган ҳолда лойиҳаларни амалга ошираётганини таъкидлаган эди.

“Биз бу рақобатда фақатгина кейинги йилнинг навбатдаги чорагини кўзлаб иш қилаётганимиз йўқ. Биз бу ерда кейинги минг йиллик учун тер тўкяпмиз ва қўлимиздан келган энг муҳим эмас, энг яхши ишни қилмоқчимиз”, дейди у.

Душанба куни Сан-Францискода ўтган компаниянинг дастурчилар анжуманида ҳам қатор янги дастур ва инновацион лойиҳалар тақдим қилинди. Уларга эътибор қаратадиган бўлсак, улар турмуш тарзида iPhone’нинг кейинги талқинидан ҳам аҳамиятлироқ жиҳатга эга.

Wall Street 2016 йилда iPhone савдосининг тушиб кетишидан хавотирда бўлган бир пайтда, Apple ўзи учун кейинги 10 йилликда технологиялар саноатида етакчилик қилишига асос бўлиб хизмат қиладиган мустаҳкам замин ҳозирламоқда.

Тим Кук саҳнада асосий эътиборини улғайиб келаётган ёш дастурчиларга қаратди. Болаларга технологияни қизиқарли йўл билан ўргатувчи Swift Playgrounds иловасини ҳам унинг ўзи эълон қилди. Илова болаларга дастурлашни интерактив усулларда ўргатади. Ўрганиш асносида уларнинг ўзлаштириш даражасига қараб болалар қимматбаҳо тошлар билан рағбатлантириб борилади.

Тўғри, болалар Apple’нинг асосий харидорлари эмас. Боиси 10 ёшга кирган ҳамма бола ҳам 650 долларга iPhone сотиб олишга қодир эмас. Аммо, улар кун келиб улғайишади ва компания учун хизмат қилиш эҳтимоли юқори.

Анжуманда Apple’нинг 4 йўналишдаги қурилмалар, яъни тақиладиган гаджетлар, смартфонлар, компьютерлар ва телевизор каби йирик экранли қурилмаларнинг ҳам бири учун алоҳида платформани эълон қилгани муҳим воқеа бўлди.

Булардан ташқари Siri виртуал овозли ёрдамчиси, чат хизмати, HomeKit смартфон огоҳлантиришлари платформаси, Apple қурилмаларидан бир тугмани босиш орқали веб-ресурсларига кўз ташлаш ва бошқа инновациялар катта янгилик бўлди.

Бу янги платформаларни бирлаштириб турувчи ягона жиҳат – улар ташқи дастур яратувчиларини жалб қилишга қаратилган бўлиб, дастурчиларни Apple атрофида бирлаштириб, янги иловалар яратишга илҳолантиради.

Яна бир муҳим инновацион янгилик Apple Watch’га имо-ишораларни тушунишга ёрдам берадиган технологиянинг эълон қилингани бўлди. Кейинчалик (2018 йилдан) сиз қўлингизни ҳаракатлантириб, компьютерни ҳам бошқариш имконига эга бўласиз.

Бугун Google’дан тортиб Facebook’гача технология оламининг кейинги янгилиги бўлиши кутилаётган “сунъий ақл”ни яратиш йўлида изланишлар олиб борилмоқда. Бу борада Apple’нинг орқада қолгани айтилса ҳам, анжуманда компания рақобатчилари билан тенгма-тенг эканини кўрсатди.

3016 йилми ёки 2026 йилми кун келиб одамлар ортга қараганларида Apple’нинг узоқ муддатли технология истиқболини кўзлаб эккан уруғларини кўришади. Кимнинг қайси йўналишда етакчи бўлишини эса вақт кўрсатади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!