Android Wear гаджетлари савдолар ҳажми бўйича Apple Watch`дан ўзиб кетмоқда

Android Wear гаджетлари савдолар ҳажми бўйича Apple Watch`дан ўзиб кетмоқда

Бир йилча муқаддам Apple Watch савдоси ҳажми “ақлли” соатлар бозорининг учдан икки қисмини ташкил этар эди. IDC таҳлилчиларининг қайд этишларича, 2020 йилга бориб Android Wear платформаси дунё рейтингида биринчиликка эришади.

2015 йилда Apple 14 млн дона смарт-соат сотиб, бозорнинг 49,4 фоизлик улушига эгалик қилди. Савдолар суъатининг секинлашуви эса куз ойида савдога чиқарилиши мумкин бўлган иккинчи авлод Apple Watch соатларининг кутилаётгани билан боғланмоқда. Баҳорги тақдимотда эса компания фақатгина тасмалар ва гаджет учун бошқа аксессуарларни намойиш этди.

Android Wear оммалашувини рўйхати тобора ортиб бораётган Google ҳамкорлари таъминламоқда. Таҳлилчиларнинг қўшимча қилишича, ишлаб чиқарувчилар кучли рақобат муҳитида қизиқарли дизайн ва арзон нархга катта эътибор қаратади.

Арзон “ақлли” соатлар сигментида, шунингдек, хитой ишлаб чиқарувчилари томонидан яратилган RTOS операцион системаси ҳамда Linux ядроси асосидаги ишланмалар кенг оммалашиши кутилмоқда. Улар Samsung гаджетлари ишлаётган Tizen платформасидан ўзиб кетиш имкониятларига эга. Бироқ уларнинг улуши жуда кам бўлиб, смарт-соатлар бозорида Android Wear ва watchOS ўз етакчилигини сақлаб қолади.

Маълумотларга кўра, 2016 йилдан 2020 йилгача “ақлли” соатлар миқдори 31 фоизга ўсиб, 82,5 миллион донага қадар етади. Албатта, бу йилига миллирд донадан кўпроқ миқдорда ишлаб чиқарилаётган смартфонлар олдида унчалик катта рақам эмас.