Эксклюзив видео: iPhone 8 Plus ва Pixel 2 XL’ни бетонга ташлаб кўришди!

Эксклюзив видео: iPhone 8 Plus ва Pixel 2 XL’ни бетонга ташлаб кўришди!

Кейинги пайтларда тақдим этилаётган смартфонларнинг корпуси мустаҳкамлиги ҳам харидорлар учун муҳим аҳамият касб этаётир. Шу боис энг илғор моделларнинг турли жиҳатдан чидамлилигини синовдан ўтказиб, видеолавҳасини интернетда тарқатиш ҳам урфга кирган.

PhoneBuff ресурси ходимлари ҳозиргача сотувга чиққан энг илғор смартфонлардан иккитаси – Google Pixel 2 XL ҳамда iPhone 8 Plus моделларини мустаҳкамлик синовидан ўтказиб кўришди. Бу «жанг» акс эттирилган видеороликни эса YouTube-каналига жойлашди.

Текширувларда заргарона аниқликка эришиш учун махсус мосламадан фойдаланишди. Унинг ёрдамида смартфонларни бетон устига ташлаб синашди. Марҳамат, буни қуйида ўзингиз томоша қилинг:

Кўриб турганингиздек, корпуси энг мустаҳкам смартфонлардан, дея саналган iPhone 8 Plus’нинг шиша панели биринчи тушишдаёқ чатнаб, «ўргимчак тўри» кўринишидаги чизиқлар билан қопланди. Иккинчи раундда ҳар иккала девайснинг ҳам ён қирралари эзилди, учинчисида эса уларнинг экранлари ҳам синди.

Бонус раунд сифатида синовчилар Google Pixel 2 XL ҳамда iPhone 8 Plus смартфонларини то яроқсиз ҳолга келгунига қадар бир неча бор баландроқдан ташлаб кўришди. Apple флагмани тўла ишдан чиқиши учун уни бетонга саккиз марта ташлашга тўғри келди. Pixel 2 XL эса бешинчисидан кейиноқ таслим бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ iPhone 8 Plus ва Galaxy Note 8’ни бетонга ташлаб синашганининг, шунингдек, Galaxy S8 ҳамда iPhone 7 моделлари бетонга ташлаб кўрилган синовнинг видеолавҳаларини ҳам эълон қилганмиз. Шунингдек, LG V30, Nokia 8, Galaxy Note 8, Nokia 3310 (2017), HTC U Ultra Sapphire Edition ва iPhone 7 сингари телефонлар устида тиғ ва олов ёрдамида ўтказилган тажрибалар ҳақида ҳам ёзганмиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.