Ўйин смартфонларининг келажаги порлоқми?

Ўйин смартфонларининг келажаги порлоқми?

Ўқувчиларимизнинг аксарияти болалигида Tetris ўйин консолини севиб ўйнаган бўлса керак. Ўз Тетрисъингиздан қўнғироқ қилиш ёки интернетга уланишни истармидингиз? Бундан 15 йил олдин афсонавий Нокиа ўзининг N-Gage ўйин телефонини сотувга чиқарган эди. Бироқ ушбу телефон геймерфонлар эрасини бошлаб бера олмади. Сабаби Нокиа ўз маҳсулотининг айнан ўйин учун мосланганлигини етарлича тарғиб қила олмади. Натижада кўплаб мижозлар бу қурилма шунчаки ўта хунук ва ноқулай телефон, деган фикрга бордилар. N-Gage'нинг муваффақиятсизлиги узоқ йиллар давомида ўйин телефонлари/смартфонларининг яратилишига соя солиб турди.

Nokia N-Gage

 

Геймерфон орқали муваффақиятсизликка учраш қўрқуви ҳозирга келиб аста кўтарила бошлагандек кўринмоқда. Ўтган йили узоқ йиллик танаффусдан сўнг Razer Phone ўйин смартфони дунё юзини кўрди, бироз ўтиб, Acer ўзининг геймерфонини тақдим этди. Бир ҳафта олдин тақдимоти бўлиб ўтган Xiaomi'нинг Black Shark геймерфони учун буюртмалар сони эса аллақачон бир миллионга етди. ZTE компанияси ҳам ўзининг Nubia бренди орқали ўйин смартфонларининг янги шакллана бошлаётган бозоридан жой эгаллашга уринмоқда.

Xiaomi Black Shark – суюқликли совитиш тизими, махсус геймпад ва ўйин режимига эга ҳақиқий геймерофон!

Сарлавҳага чиқарилган саволга тўхталишдан аввал «ўйин смартфони» ёки «геймерфон» тушунчаларига изоҳ бериб ўтсак. Қурилма ўйин смартфони, деб аталаши учун аниқ бир меъзон белгиланмаган. Ҳозирги замон талабларидан келиб чиқсак, сўнгги қудратли процессор ва график чиплар билан таъминланган, юқори частотали тасвирларни қўллай оладиган дисплейга эга ва, баъзи ҳолларда, геймпадга эга смартфонларни геймерфон, деб аташ мумкин. Бундан ташқари онлайн ўйинлар оммалашиб кетган бир даврда ўйин жараёнини «стриминг» қилиш, яъни бошқалар билан улашиш имконияти ҳам геймерфонларнинг бир хусусиятига мансуб. Умуман олганда, қотмасдан, қулай ва завқли ўйин ўйнаш имконини берувчи қурилмалар геймерфонлардир.

Бироқ Motorola ўз смартфонлари учун аллақачон геймпадлар ишлаб чиққан ва ҳеч қачон ўйин смартфонлари яратганлиги билан мақтанмаган. Бундан бир неча йил олдин Samsung ҳам смартфонларни кичик ўйин консолига айлантира олувчи геймпад тақдим қилган эди. Қисқаси, смартфонда ўйин ўйнашни қулайлаштирувчи акксессуарлар ишлаб чиқарган компанияларнинг аксарияти ўз қурилмаларини геймерфон сифатида реклама қилмаган. Демак «ўйин смартфон»и нима эканлигини аниқ таърифлашнинг имкони йўқ.

Шунингдек, ўйин смартфонлари сифатида тарғиб қиладиган қурилмаларнинг деярли барчасида ўйин ўйнашга софтвейр, яъни дастурий таъминот ўрнатилган бўлади. Сиз геймерфонларнинг экран резолюциясини ўзгартира оласиз, қувват сарфланишини назорат қилиш орқали ўйин сифатини таъминлайсиз, ўйин жараёнини тасвирга мухрлай оласиз ёки уни жонли режимда интернетда дўстларингиз билан улашасиз. Бироқ бундай амалларни Galaxy S9'да ҳам бажарса бўлади. Демак ўйин смартфони оддий замонавий смартфондан деярли фарқ қилмас экан.

Nubia ўйинбоп смартфонлари учун Red Magic брендини тақдим этди

Тушунчага таъриф беришни қўя туриб, асосий саволга ўтсак: бундай смартфонларни мижозлар ростдан ҳам истайдими?

Геймерфонлар, одатда, қудратли процессорлар билан «қуролланган» бўлади. Бироқ бундай процессорларни замонавий флагман смартфонларнинг аксариятида ҳам кўриш мумкин. Бундан ташқари геймерфонлар учун махсус яратилган софт ва иловаларни осонлик билан оддий смартфонларга ҳам ўрнатса бўлади. Флагман смартфонлар ўйин ўйнай олади, суратга туширади, интернетга уланади, мусиқа ижро этади ва бошқа кўплаб ишларни уддалайди. Хўш, геймерфон оддий смартфонлардан фарқ қилмаса, улардан қандай фойда олиш мумкин?

Razer Phone: геймерлар смартфонининг барча хусусиятлари тақдимотдан бир кун аввал фош бўлди

Геймерфонларнинг экрандаги тасвирнинг алмашиш частотаси ҳам оддий смартфонларникидан деярли фарқ қилмайди. Масалан, Nintendo Switch ўйин консоли бунданда юқори частоталарни қўллай олади ва HDMI порт орқали уни телевизорга улаш мумкин. Бундай консолларга виртуал воқелик шлемини ҳам улаш мумкин. Хўш, геймерфонлар оддий смартфонларда мавжуд бўлмаган бундай қўшимча имкониятларни тақдим қила оладими?

Nintendo Switch

 

Бундай саволларга геймерфонлар ишлаб чиқараётган компаниялар аниқ жавоб беролмайди. Nintendo каби портатив ўйин консоллари сотилаётган рақамларни кўздан кечирсак, одамлар орасида ўйин ўйнашга қизиқиш ўта юқори эканлигини англаш мумкин. Яна смартфонлар ва консоллар учун ўйин ишлаб чиқувчи компаниялар ҳам яхшигина даромад қилмоқда. Балки шу сабабли айрим компаниялар смарфоннинг ўйин ўйнаш учун мосланганига урғу берган ҳолда консоллар ҳукмрон бўлган портатив ўйин қурилмалари бозорини эгаллаш ҳаракатига тушиб қолгандир?

Нима бўлганда ҳам ҳозирги мақталаётган геймерфонларнинг оддий флагман смартфонлардан деярли фарқли жиҳати йўқ. Шундай экан бошқа смартфонлар ҳам уддалай оладиган амалларни бажарувчи қурилмани мақташдан қандайдир маъно кўринмаяпти. Эҳтимол, ишлаб чиқарувчилар бундан 15 йил олдин Nokia N-Gage телефони йўл қўйган хатони такрорламаслик учун рекламага зўр бераётгандир? Ахир яхши реклама ярим муваффақият деганидир. Нима бўлганда ҳам геймерфонлар даври энди бошланди. Уларнинг келажагини олдиндан башорат қилиш ҳозирча мушкул масала бўлиб қолмоқда.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Winsloop

Сиёсий-ижтимоий мавзулардан тортиб, технологияга қадар ёритишни хуш кўрувчи мустақил журналист, таржимон ва фрилансер.