Samsung Galaxy S9+ кутилмаганда 106 доллардан савдога чиқди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  5915
  •  05.01.2018 12:17

Samsung Galaxy S9+ кутилмаганда 106 доллардан савдога чиқди! (+видео)

Жанубий кореялик техногигантнинг навбатдаги флагманлари – Galaxy S9 ҳамда унинг «плюсли» талқини тақдимотигача ҳали бир ярим ойдан ошиқ вақт бор. Бу девайсларни MWC 2018 тадбирида намойиш этишмоқчи, савдога эса ундан ҳам кейин чиқарилади. Аммо хитойликлар аллақачон уни харид қилиш имконига эгадирлар. Ҳар ҳолда, Хитой онлайн савдо майдончаларидан биридаги эълонда шунақа дейилмоқда. Тағин, бу дўконда мазкур илғор флагманнинг нархи ҳам атиги 688 юанга тенг, яъни тахминан 106 доллар атрофида!

ЎҚИНГ: «Хитой смартфони»ни харид қилишда эътибор қилиш зарур 8 жиҳат 

Табиийки, хаёлингизга келган биринчи фикр – «Бу қалбаки смартфон». Биз ҳам шундай фикрдамиз, лекин сотувчи ҳатто мазкур товарининг қисқа видеосини ҳам жойлаган. Унда Samsung Galaxy S9+ флагманига айнан ўхшаш қўшалоқ асосий камерали смартфон ҳар томонидан кўрсатилган.

Табиийки, видеолавҳада ишлаб турган смартфон ҳолатида кўрсатилади, аммо унинг техник хусусиятлари ошкор этилмайди. Бу жиҳатларга аниқлик киритиш учун мазкур товарга буюртма бериш, харид қилиб олгач смартфонга баҳо бериш мумкин, аммо «Terabayt.Uz» таҳририяти буни ҳам тавсия этмайди.

ЎҚИНГ: AliExpress’да буюртма қандай расмийлаштирилади

Савдога қўйилган ва видероликда кўрсатилган смартфон аслида Samsung флагманининг клони бўлиши эҳтимоли юқори. Гарчи ташқи кўриниши жиҳатидан у асл Galaxy S9+ смартфонига жуда-жуда ўхшаб кетса-да, гаджетнинг ички – техник таъминотидан ҳеч кимнинг хабари йўқ.

Мана, видеолавҳани томоша қиламиз:

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy S9 бир жиҳати билан жаҳонни ҳайратга солмоқчи

«Осмон ости салтанати»даги бу савдогар, Samsung Galaxy S9+ смартфонини арзимаган пулга таклиф қилар экан, электротехникага тушунмайдиган ва тажрибасиз харидорларни «қармоққа илинтириш»ни кўзлагани аниқ. Ҳатто савдога қўйилган ушбу смартфонга Galaxy S9+ флагмани номи туширилган обойлар ҳам ўрнатилган.

Бу ҳолат янгилик эмас, зеро, хитойликлар бу борада устаси фаранг бўлиб кетишган. Шунингдек, хитойликларнинг ўзлари ҳам бунга қизиқишади – ҳали расмий тақдимоти ўтказилмаган машҳур гаджетларнинг клонлари маҳаллий аҳоли орасида жуда оммалашади. Шу кабиларга алданиб қолмаслик учун қуйидаги тавсиямиз билан танишиб қўйишни маслаҳат берамиз:

ЎҚИНГ: Samsung смартфон ва планшетларининг оригиналлигини аниқлаймиз (+видеоқўлланма)