Samsung содиқ Galaxy Note соҳибларини рағбатлантирмоқчи

Samsung содиқ Galaxy Note соҳибларини рағбатлантирмоқчи

Samsung компанияси реклама видеолавҳалари ўлчовлари нуқтаи назаридан анчагина узун видеоролик чиқарди. Унда компания ўзининг Galaxy Note туркумидаги гаджетларига содиқ қолган мухлисларига миннатдорчилик изҳор этган.

Galaxy Note 7 моделида кўнгилсизликлар – батареядаги носозлик сабабли фаблетларнинг ўз-ўзидан қизиб, тутаб, ёниб ва ҳатто портлаб кетиши ҳолатлари юз берган бўлса-да, мазкур туркум девайсларига содиқ қолганлар кўп. Компания мижозлари мазкур туркум фаблетларини нима учун яхши кўришларини самимий изҳор этган лавҳалар Samsung тайёрлаган клип шаклидаги ташаккурномада жамланган.

«Реал фойдаланувчиларнинг жонли овозлари билан ифодаланган дил сўзларидан иборат ушбу клип – бутун дунё бўйича Galaxy Note бренди ихлосмандларига бўлган ҳурматимиз инъикосидир, – дейди Samsung шу роликнинг ўзида. – Ишониш мумкин бўлмаган вазиятда ҳам бизга ишонишда давом этганингиз учун ташаккур».

Шу тариқа, Samsung кўнгил қоларли иш қилган ҳолатида ҳам севимли компанияга иккинчи имконият берган мижозларига ўз миннатдорчилигини изҳор этган.

Бу йил Galaxy Note 8 фаблетида ҳам ўтган йилдаги каби муаммолар юзага келишининг олдини олиш учун, Samsung унинг ҳар бир партиясини жиддий сифат текширувидан ўтказди. Смартфонларга қўйиладиган барча таркибий қисмлар мослигига кўра пухта саралаб олиб, шундан кейингина ишлаб чиқаришга олган. Samsung Mobile президенти Дончжин Кохнинг айтишича, барча жараёнларни унинг ўзи шахсан назорат қилиб борган.

Видеоклип тарзидаги ташаккурномадан ташқари, Samsung собиқ Note 7 соҳибларига рағбатлантириш тариқасида имтиёзлар ҳам тақдим этмоқда. Жумладан, компания портлаш хавфи бўлган Galaxy Note 7 харидорларига Galaxy Note 8 харидида чегирма тақдим этишни режалаштирмоқда. Ҳозиргача чиққан маълумотларга кўра, бундай акция АҚШ, Канада ва бир қатор Европа мамлакатларида жорий этилади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.