Samsung ва Apple уддалай олмаган технология Nokia флагманига жорий этилади!

  •   DiMaX
  •  1024
  •  14.03.2018 09:26

Samsung ва Apple уддалай олмаган технология Nokia флагманига жорий этилади!

HMD Global компанияси Nokia брендини «тирилтириб», бир нечта моделларда смартфонлар ва тугмачали телефонлар тақдим этишга улгурди. Аммо унинг етакчи смартфонсозлар флагманлари билан чинакамига беллаша оладиган қурилмаси ҳали олдинда.

ЎҚИНГ: Nokia 6 (2018): арзон, кучли смартфон тақдим қилинди

Nokiapoweruser порталининг хабар қилишича, компаниянинг навбатдаги етакчи смартфони Samsung Galaxy S9 ва iPhone X флагманларида ҳам мавжуд бўлмаган технология билан бойитилади. Яъни, Nokia 9 моделида бармоқ изи сканери бевосита дисплейнинг ўзига интеграция қилинади.

Мазкур технологияни дастлаб Vivo X20 Plus UD смартфонида хитойликлар уддалашган. Жорий йилда Nokia 8 Pro ҳамда Nokia 9 моделларида ҳам шу ечимга гувоҳ бўламиз, дейилади хабарда. Мазкур икки гаджет ҳам Qualcomm Snapdragon 845 процессори ва энг яхши техник таъминотга эга бўлади. Экрандаги бармоқ изи сканеридан ташқари, уларга фойдаланувчини қиёфасидан таниш функцияси ҳам татбиқ этилади.

Олдинроқ «сизиб чиққан» хабарларга кўра, Nokia 9 моделига LG компанияси ишлаб чиқарган, чеккалари қайрилган, диагонали 5,5 дюймлик OLED-экран ўрнатилади.

ЎҚИНГ: Орзиқиб кутилаётган Nokia 9’ни «жонли» суратларда кўрамиз!

Хитойдаги манбаларга кўра, Nokia смартфонларидан бирига нақ бешта объективли, ZEISS линзаларига эга асосий камера ўрнатилади. Бу айнан қайси модел бўлиши борасида аниқ маълумот йўқ, фақат тахминлар мавжуд. Дастлаб у Nokia X ёки Nokia 10 деб номланиши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Кейинроқ эса «револьвер» камерали смартфон Nokia 8 Sirocco бўлиши ва у MWC 2018’да тақдим этилишини айтишган. Барселонадаги кўргазмада чиндан ҳам ушбу номдаги смартфон расман намойиш этилди, лекин у пента-камерага эга эмас эди.

Хулласи калом, HMD Global компаниясининг ZEISS линзали ва бешта модулли камерага эга смартфони Nokia 9 ёки бошқа модел бўлиши мумкин. Улар жорий йилнинг сентябрида Берлинда бўлиб ўтадиган IFA кўргазмасида намойиш этилиши кутилмоқда. Унгача ҳали анча вақт бор, шу орада инқилобий Nokia смартфонлари хусусида бошқа тафсилотлар чиқиб қолади, биздан узоқлашманг.

ЎҚИНГ: Nokia 10’нинг бешталик камераси қандай ишлашини Carl Zeiss видеода кўрсатиб берди

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.