Сноуден маслаҳатига кўра, Twitter’га ҳам Telegram’нинг муҳим хусусияти татбиқ этилади

  •   DiMaX
  •  330
  •  10.05.2018 11:46

Сноуден маслаҳатига кўра, Twitter’га ҳам Telegram’нинг муҳим хусусияти татбиқ этилади

Twitter микроблоглар сервиси дастурчилари ҳозирда унга муҳим бир жиҳатни татбиқ этиш устида иш олиб боришмоқда. Яъни, яқин орада ушбу сервиснинг Android-иловасида фойдаланувчилар, худди Telegram’даги каби, шифрланган хабарлар орқали ўзаро мулоқот қилишлари мумкин бўлади.

ЎҚИНГ: Сноуден Telegram'нинг блокланиши бўйича фикрини билдирди

Яқинда дастурчилар Android тизими учун ишлаб чиқилган Twitter иловаси APK-файлининг янги талқинини ўрганиб чиқишди. Уларнинг аниқлашларича, дастур кодларида хабарларни «end-to-end» турида шифрлашга ишоралар мавжуд. Бу дегани – Twitter орқали ёзишаётган фойдаланувчиларнинг ўзаро хабарларидаги барча маълумотлар бевосита уларнинг қурилмаларида шифрланади. Бу эса худди Telegram’даги махфий ёзишма каби ишончли бўлиб, фойдаланувчиларнинг ёзувларини учинчи томонлар, ҳатто Twitter ходимлари ҳам ўқий олмайдилар.

Хабарга кўра, махфий ёзишмалар учун Twitter’да алоҳида махсус опция пайдо бўлади. Тўғри, микроблоглар сервисида махфий хабарлашувлар қачон жорий этилиши ҳозирча номаълум, бу ҳақда бирор расмий изоҳ ҳам беришмаган. Аммо кузатувчилар фикрича, бу опция иловага яқин келажакда киритилади.

Айтиш керакки, Twitter’да ёзишмаларни шифрлаш ғояси АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими Эдвард Сноудендан чиққан. Буни у сервис раҳбари Жек Дорси билан кечган ёзишмада маслаҳат берган эди.

ЎҚИНГ: Нима сабабдан махсус хизматлар Telegram'ни ёмон кўрадилар?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.