Чангюткич харид қилишда нималарга эътибор бериш керак?

Чангюткич харид қилишда нималарга эътибор бериш керак?

Чангюткич уйни озода сақлаш воситаси бўлиб, супургидан кўра кўплаб афзалликларга эга. Хонадонингизда бир қанча электрон қурилмалар бўлса, супурги ишлатмаслик керак, чунки кўтарилган чанг микросхемаларга зарар етказади. Чангюткич сотиб олишда қайси жиҳатларига эътибор қаратиш зарур?

  1. Чангюткич тури

Эскича русумли чангюткичлар полга ётқизиб қўйилади. Мотор блоки, чанг камераси ва фильтрларга эга бўлиб, ичак ва сўриш қувурчаси уланади. Қувурча учига пол, гилам ва кийимларни тозалашга мўлжалланган турлича оғизчалар (насадка) ўрнатилиши мумкин. Электр токи тармоғига уланади, аккумулятордан қувват олувчи тури жуда кам учрайди.

Тик чангюткич мотор блоки, фильтрли чангтўплагич, асосий чўткали оғизчадан иборат. Ёки Dysonнинг тик чангюткичлари сингари чангтўплагич юқорида жойлашади. Бундан ташқари турли сиртларни тозалашга мўлжалланган русумлари мавжуд. Аккумуляторли тик чангюткичлар ҳам бор, бироқ ток тармоғига уланадиганлари кучлироқ саналади.

Робот-чангюткич ўзи ҳаракатланади, баландлиги 19 см. Сиз паст бўйли деб ўйламанг, робот диван ва каравот ости ва бошқа тор тирқишларни тозалаши учун 6-10 см бўлиши талаб этилади. Электрон “мия” корпусдаги датчиклардан олган маълумотни қайта ишлайди, мустақил силжиш учун камера тасвирларига асосланади. Албатта, корпусда чангтўплагич контейнер, ҳаво фильтри, чиқиндини ичкарига ҳайдашни таъминлайдиган айланувчи ҳар хил чўткалар бор.

Портатив чангюткич ихчам корпусдаги мотор ва чангтўплагичдан иборат. Электр тармоғидан ва аккумулятордан қувватланадиган турлари мавжуд. Бирор жойга тўкилган ушоқ, мебел ёки машинадаги чангни тезгина тозалашда қўл келади. Машинадаги сигарет тутатгич тешигига уланадиган тури ҳам бор.

Ювувчи чангюткич. Корпусида мотор ва ювувчи модда билан бирга сув сақланади, кир сув учун алоҳида бўлмаси бор. Тозаловчи суюқлик қувурча орқали кир сиртга (гилам, пол в.б.) сепилади ҳамда шу заҳоти махсус оғизча ва ичак воситасида сўриб олинади. Ювувчи чангюткичларнинг иши унумли, аммо ўзи бесўнақай ва ишлатиш мураккабдир.

  1. Чангтўплагич тури

Киритиладиган кўп марталик контейнер. Унинг ўлчами чангюткич русумига боғлиқ. Вақти-вақти билан тозалаб турилади. Бўшатиш пайти кўтарилган чангдан эҳтиёт бўлиш керак, қолаверса, чиқиндини бўшатиш жараёни тобора гигиениклашиб бормоқда. Афзаллиги бир марталик қоғоз қопчалар сингари доим харажат талаб қилмаслигидир.

Чиқинди тўпланадиган қопча. Замонавий чангюткичларда бир марталик қоғоз қопча ёки кўп марталик қопсимон чангтўплагич мавжуддир. Қопчага чиқинди тўпланганда сўриш қувватининг пасайиши бундай чангюткичларнинг асосий муаммосидир.

Чангтўплагич-аквафильтр. Тўпланган барча сув аралаш чиқиндилар чангюткич ичида қолади. Тозаланган ва намланган ҳаво мотор блоки орқали ўтиб, хона ҳавосига қайтади. Контейнерни бўшатганингизда чанг кўтарилмайди, ифлосланган сувни тўкасиз, холос. Ҳар гал тозаловдан сўнг аквачангтўплагични ювиб, артиб қуритиш керак.

Бундан ташқари гибрид чангюткичлар ҳам ишлатилади, унда аквафильтр ёки киритиладиган контейнер чиқинди тўплайди.

  1. Чиқиндини сараловчи циклонли технология

Асосан, киритиладиган контейнерли чангтўплагичда қуюнсимон технология қўлланади. Бунда марказдан қочма куч юзага келтирилиши ҳисобига чанг-ғубор зарралари чангтўплагичга йиғилади, тозаланган ҳаво мотор олди фильтри, мотор блоки ва топ-тозаловчи чиқиш фильтри орқали ўтиб хона иқлимига қайтади.

Циклонли камерада ҳаво 1-2 ёки ўнлаб марта (мултициклон) чиқиндидан тозаланади. Циклон сони қанча кўпайса, ҳаво шунча тозаланади ва мотор блоки орқали чиқиш фильтрига ўтади. Ҳаттоки, мотор олди фильтрисиз циклонли чангюткичлар ҳам бор. Dyson чангюткичларининг айрим русумлари бунга мисол бўлади, хусусан, уларнинг чиқиш фильтрини алмаштиришга эҳтиёж йўқ.

Циклон технологияли чангюткичнинг қопчали чангюткичдан асосий афзаллиги тозалаш чоғида сўриш қуввати ўзгармай қолишидир. Чунки циклон технологияда тўпланган чиқинди орқали ҳаво сўрилмайди.

  1. Чангюткич истеъмол қиладиган ток

Одатда, чангюткичнинг тавсифномасида мотор истеъмол қиладиган энг юқори энергияси кўрсатилади. Симли маиший чангюткичлар тахминан 3500 Вт атрофида ток истеъмол қилади (чангюткич русумига боғлиқ).

Истеъмол қилувчи ток қуввати юқори бўлса, техника зўр, деган хато ўйга бормаслик керак. Тозалаш унумдорлиги истеъмол қиладиган қувватига эмас, сўриш қувватига боғлиқ. Ток истеъмоли паст, аммо сўриш қуввати юқори бўлган чангюткич учраса, ўйлаб ўтирмасдан харид қилмоқ лозим.

  1. Сўриш қуввати

Ушбу кўрсаткични ўлчашнинг қабул қилинган ягона стандарти йўқ. Чангюткич тавсифномасида сўра олишнинг энг юқори кўрсаткичи келтирилади. Бироқ тозалашнинг аввалидагина чангтўплагич бўш бўлса, юқори қувватда сўради, сўнг қопча тўлиб қуввати пасаяди.

Бундан ташқари, сўриш қуввати ичак ва оғизчанинг ҳолатига, сўриш вақтига боғлиқ.

Сўриш қуввати ваттлар ёки аэроваттларда ўлчанади. Бу бирлик инглиз ўлчов тизимида деярли тенг кучлидир. Чангюткич танлашда сўриш қуввати кучли, айни вақтда ток истеъмоли кам бўлган русум мақбул саналади.

Сўриш қуввати 300-400 Вт, ток тармоғига уланадиган, контейнерли ёки қопчали чангюткичлар бир хонадонни яхшилаб тозалай олади. Шунингдек, 500-600 Втли кучлироқ турлари ҳам бор.

Портатив чангюткич ёки робот-чангюткичларнинг сўриш қуввати 200 Втдан ошмайди (энг кучлиси), бироқ кундалик тозалаш ишлари учун бу қувват ҳам етарлидир.

  1. Ҳавони тозалаш технологияси

Бундай чангюткич хона ҳавосини қайта ишлаб тозалайди. Замонавий русумларнинг аксариятида иккита фильтр бўлади: мотор олди ва чиқиш (мотордан сўнг).

Мотор олди фильтри поролон ё ҳаво ўтказувчи бошқа материалдан тайёрланган бўлиб, чангтўплагичга ўтирмаган каттароқ ўлчамли чангни тутиб қолади. Бу фильтр моторни тез едирилишдан асрайди.

Чиқиш фильтри ҳаводаги янада майда чанг-ғуборни тутиб қолади. Кўпинча уни HEPA-фильтр (High Efficiency Particutate Air), яъни ўта самарали фильтр, деб аталади

HEPA H10 фильтр майда дисперсли зарраларнинг камида 85 фоизини тутиб қолади, HEPA H14 эса 99,97дан 99,995 фоизгача тозалайди. Чангюткич қанчалик илғор технология асосида яратилган ва HEPA-фильтр таснифловчи сони юқори бўлса, ҳавони шунча яхши тозалаб чиқаради.

HEPA-фильтрни вақти-вақти билан чангдан тозалаб туриш керак, унинг ювиладиган турлари ҳам мавжуддир. Фойдаланиш даврини ўтагач, фильтр алмаштирилади. Аммо қимматбаҳо чангюткичларнинг фильтри охиригача хизмат қилади.

Арзон чангюткичларнинг моторидан кейин микрофильтр ўрнатилган бўлиб, у поролон, целлюлоза, тахтакачланган микротола ёки бошқа материалдан тайёрланади. Микрофильтрнинг ҳавони тозалаш қобилияти ёмон эмас, аммо сўнгги авлод HEPA-фильтрига етмайди.

  1. Шовқин даражаси

Чангюткичнинг шовқини қанча паст бўлса, шунча яхши. Бу томондан қопчали чангюткич афзалроқ, чунки контейнерли (циклон технологияли) техникадан овози паст. Қопчали чангюткич 60-65 дБ товуш чиқарса, контейнерлиси 70-82 дБгача шовқин солади. Робот ва тик чангюткич чиқарадиган товуш баландлиги 60-82 дБ оралиғидадир.

Чангюткич тез-тез, аммо қисқа муддат фойдаланадиган техникаларимиз сирасига киради. Фақат робот чангюткичларгина ярим соатгача ишлаши мумкин. Шунинг учун чангюткич харид қилишда шовқин даражасининг катта аҳамияти йўқ.

  1. Чангюткичдан фойдаланиш

Полга қўйиладиган анъанавий чангюткичларнинг қувватини ростлаш мурвати, одатда, корпусида жойлашади. Қимматроқ чангюткичларнинг мурватлари сўриш қувурчасининг ўнғай қисмига жойлаштирилган бўлади.

Арзон чангюткичларда мотор қувватини ростлаш имкони бўлмаса, сўрувчи қувурчадаги қопқоқчани суриш йўли билан ҳаво оқимини ўзгартириш мумкин.

Кўпинча, аккумуляторли ва симли тик чангюткичларнинг бошқарув тугмалари сопининг тепасида жойлашади. Айрим аккумуляторли тик чангюткичларнинг ёқувчи тепкиси бўлади: боссангиз ишлайди, қўйиб юборсангиз тўхтайди. Бу қулай ва энергияни тежовчидир.

Робот-чангюткични корпусидаги панелдан бошқарса бўлади, аммо ДУ пултни ишлатган қулайроқ. Замонавий чангюткичларни эса смартфон ва планшет иловаси ёрдамида Wi-Fi ва Bluetooth орқали бошқарилади.

  1. Сўриш қувурчаси ва уни сақлаш

Қувурча хоҳ металл, хоҳ пластикдан тайёрланган бўлсин, муҳими сифатли ишласа етарли. Тўғри, пластик металлдан енгил ва қулайроқ.

Анъанавий чангюткичнинг қувурчаси телескопик бўлади (бир-бирининг ичига кириб тахланади). Бу фойдаланувчи учун ҳам қулайдир, чунки ҳар кимнинг бўйи ҳар хил.

Сўриш қувурчасини чангюткич корпусининг ёни, орқаси ва остидаги ариқчага жойлаб қўйишни эсда тутинг. Шунингдек, қувурчани жойига қўйилиши билан ўзи ўчадиган чангюткичлар ҳам бор.

Одатда, тик чангюткичларнинг алоҳида сўриш қувурчаси бўлмайди. Уларни полювгич таёқ каби деворга суяб ёки белгиланган жойга илиб қўясиз.

  1. Буларни билиш муҳим

Ҳар қандай замонавий чангюткичда электр симини автоматик равишда ғалтакка ўраш технологияси бўлиши керак. Бу техникани сақлашни осонлаштиради, иш вақтида симлар ўралашиб кетмай, зарур узунликдагиси чиқиб туради.

Анъанавий ихчам чангюткичлар 3-4 кг тош босади. 6 кггача оғирликда бўлгани маъқул. Аквафильтрли чангюткич вазни 8-9 кггача боради. Эсда тутинг: чангюткич корпусини эмас, ичак билан қувурчасини кўтариб юриб уй тозалайсиз, аммо чангюткич ўзи ортингиздан “эргашиб” юриши лозим.

Тик чангюткичлар 3-4 кг бўлади ва уларни қўлда кўтариб юрилади. Роботлашган чангюткични кўтариб юришга ҳожат йўқ – барчасини ўзи бажаради.

Чангюткичнинг фаоллик доираси деган тушунча ҳам мавжуд. Бу электр тармоғига уланган чангюткич сими, ичаги ва сўриш қувури биргаликдаги узунлиги қанча масофани тозалашга етишини англатади. Бу масофа 10-12 метрни ташкил этиши мақбулдир.

Бугунги кунда чангюткич қат-қат бурмали пишиқ ичаклар билан ишлаб чиқарилади. Оқилона фойдаланса, ичаги узоқ хизмат қилади. Шу билан бирга, пластик толалардан тўқилган ичаклар ҳам бўлиб, анча пишиқ саналади. Мато ичакли чангюткични ҳозир савдодан топиш мушкул.

Айрим чангюткичларнинг буғли тозалов функцияси мавжуд бўлиб, буғ генератори ва махсус оғизчалар ёрдамида турлича сиртларни тозалаш мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!