Британиялик ўсмир ўз дрони билан 250 минг доллар ютиб олди

Британиялик ўсмир ўз дрони билан 250 минг доллар ютиб олди

Британиялик 15 ёшли ўсмир World Drone Prix 2016 мусобақасининг дронларни бошқариш йўналишида 250 минг доллар миқдоридаги мукофотни қўлга киритди. Унинг учар қурилмаси 150 нафар қатнашчи ўртасидаги рақобатда ғолиб чиқиб, биринчи ўринни олиб берди. Тақдирлаш маросимини ташкилотчиларнинг YouTube`даги расмий каналида кўриш мумкин.

Дрон, иштирок ва ғалаба

Британиялик ўсмир Люк Баннистер БААнинг Дубай шаҳрида ўтказилаётган дронлар пойгасида иштирок этиш мақсадида Tornado X-Blades Banni-UK жамоаси билан бирга келди. Мусобақада иштирокчиларнинг асосий вазифаси махсус ёритилган ҳудуд бўйлаб, дронни учириш ва финишга биринчи бўлиб етиб бориш эди.

Вазиятни янада аниқроқ кузатиб бориш мақсадида дронларга фронталь камералар ўрнатилди. Пойгада Люк Баннистер бошқарган дрон барчаникидан чаққонроқ бўлиб чиқди ва финишни биринчи бўлиб кесиб ўтди. Энг ёш иштирокчилардан бирининг бундай мусобақада ғолиб чиққани ўзига хос сенсацион воқеа бўлди, дейди мусобақа ташкилотчилари.

Чемпионат

World Drone Prix сўнги йилларда технологиялар оламидаги энг йирик мусобақага айланиб улгурди. Бу йилги мусобақада 150 та жамоа жам бўлди. Мусобақанинг ютуқ фонди миллион АҚШ долларига етди. Ана шу мукофот пулидан 250 минг АҚШ доллари Британиялик ёш қатнашчи Люк Баннистерга насиб этди.