All-In-One Calculator: битта иловада нақ 75 калькулятор ва конвертер!

  •   DiMaX
  •  2188
  •  16.07.2018 16:48

All-In-One Calculator: битта иловада нақ 75 калькулятор ва конвертер!

Турлича ҳисоблаш, ўлчаш, бирликларни биттасидан бошқасига ўтказиш... кабиларга кўп ишингиз тушадими? Унда сизга айнан All-In-One Calculator иловаси керак экан!

ЎҚИНГ: Муҳим кашфиёт: iPhone калькуляторида нотўғри терилган белгини ўчириш мумкин

Ушбу Android-илова 8 мегабайтга яқин ҳажмга эга, аммо шунга яраша имкониятлари ҳам ўта катта. Бирор нимани ҳисоблашга алоқадор нимаики керак бўлса – ҳаммаси шунда мужассам. Сиз фақат операция турини танласангиз ва керакли катталикларни киритсангиз кифоя.

All-In-One Calculator дастурида барча ҳисоблагичлар олтита бўлимга ажратилган: Алгебра, Геометрия, Катталиклар конвертери, Молия, Саломатлик, Турлича. Уларнинг ҳар бирида яна гуруҳларга ажратилган ҳолда ҳисоблагичлар жойланган. Масалан, Алгебра бўлимида фоизлар ҳисоблагичи бор, унда бирор товарга эълон қилинган чегирма ҳажмини, бирор соннинг муайян фоизини ва ҳоказоларни чиқариб олишингиз мумкин.

Яхши томони шундаки, мураккаб ҳисоб-китобларда нафақат якуний жавоб, балки масаланинг ечимигача бўлган йўл ҳам қадам-бақадам акс эттирилади. Шу тариқа квадрат тенгламалар ҳамда тенгламалар тизимларини текшириб олиш анча қулай. Мустақил ҳисоблашлар учун классик ҳамда муҳандислик калькуляторлари ҳам мавжуд.

Геометрик формулаларда кўрсатилган қийматлар бўйича автоматик тарзда барча катталиклар кўрсатилади. Масалан, Герон формуласида учбурчак томонларини кўрсатиб, сиз унинг барча хусусиятларини билиб олишингиз мумкин.

All-In-One Calculator иловасида энг керакли, ўзингиз кўп ишлатадиган калькуляторларни саралаб жойлаштиришингиз, ўринларини алмаштиришингиз ва танланганлар рўйхатига қўшиб қўйишингиз мумкин. Шунингдек, барча бўлимлар бўйича умумий қидирув функцияси мавжуд; у берилган бирор катталик бўйича, унга тегишли барча ҳисоб-китобларни топишга имкон беради. Ҳар бир ҳисоблаш тури учун бош экранда виджет-белгича яратиш ҳам мумкин – бу иш илованинг ўзидан туриб, иккитагина чертиш орқали бажарилади.

Молия бўлимидаги валюталар конвертери ҳар бир интернет-уланишда барча курсларни янгилаб олади. У ҳатто интернетга уланмаган ҳолда – оффлайн тарзда ҳам фаолият кўрсатади.

Сон-саноқсиз ҳисоб-китоб жиҳозларидан ташқари, All-In-One Calculator қулай интерфейсга ҳам эга. Унинг рангини нақ қирқта интерфейс мавзусидан бирини танлаган ҳолда ўзгартира оласиз.

Шунча имкониятлари бўлишига қарамасдан, All-In-One Calculator иловасининг барча функциялари бепул. Фақат экраннинг пастки қисмида реклама баннери чиқиб туради – уни олиб ташлаш учун тўлов талаб қилинади.

Мазкур универсал калькуляторни Google Play каталогидан мана бу ҳавола орқали юклаб олишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Қидирув тизимлари(Yandex, Google)нинг қўшимча функциялари

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!