Android 11 борасида илк ва яхши хабар!

Android 11 борасида илк ва яхши хабар!

Android қурилмалар билан 4ГБ дан катта ҳажмдаги видеоларни ёзиб олишнинг имконсизлигини биласизми? Бу кейинги йилдан ўзгариши мумкин!

XDA-Developers сайтининг хабар беришича, Android 11'дан бошлаб ушбу чеклов бекор қилинади. 

Айни дамда аксарият смартфонлар 4K форматда сониясига 30 кадр олиш имконига эга. Бу эса ўта катта ҳажмли видео-файл демакдир. 4K@60fps эса бунданда катта жой эгаллайди, яқин орада 8K форматдаги видеолар тасвирга туширувчи смартфонлар пайдо бўлса ҳам ҳайрон қолмаймиз. 

Ёзиб олинаётган кадрлар сифати ошиб бориши билан, видеонинг ҳар бир дақиқаси ҳажми ҳам шунга мос ўсиб бориши ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли юқори форматда узунроқ видео олинса, 4ГБ чеклов ўта ноҳақлик бўлади. 

Ҳозирги ҳолатда ёзиб олинаётган видео ҳажми 4ГБ дан ошса, видео ёзув тўхтаб, камера иловаси ўчиб қолмайди, балки видео бир неча алоҳида файл сифатида сақланади. Масалан, 10 дақиқали 4K@30fps видео олсангиз, Галерея иловасида алоҳида-алоҳида бўлиб сақланган бир нечта янги видеолар пайдо бўлади. Бу кўпчиликка ёқмаслиги табиий, албатта.

4ГБ лик чеклов 2014 йилда жорий қилинганди. У пайтда мобил қурилмалар техник таъминот борасида ҳозиргиларга қараганда анчайин фарқланган; ўша пайтда 4ГБ ўта катта ҳажм бўлган бўлса, ҳозирги фойдаланувчи учун бундай эмас. Google ҳам буни тушуниб етган кўринади.

Агар Google олдинги йиллардаги каби ҳаракатланса, Android 11'нинг илк бета талқини 2020 йилнинг март ойида тақдим қилиниши керак.

ЎҚИНГ: «Лайфхакер»га кўра 2019 йилнинг энг фойдали Android-иловаси

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!