Android, iOS ва Windows Phone’да скриншот қилиш

  •   DiMaX
  •  1263
  •  01.02.2017 13:17

Android, iOS ва Windows Phone’да скриншот қилиш

Дейлик, смартфонингизда ўйин ўйнаётиб, навбатдаги рекордингиз акс эттирилган лавҳани, ёки бирор дўстингиз билан бўлиб ўтган кулгили суҳбатни расм сифатида сақлаб, бошқа бир дўстингизга юбормоқчисиз. Бу пайтда экранни расмга олиш – скриншот қилиш функцияси сизга ёрдамга келади.

Хўш, бу функция турли қурилмаларда қандай ишга туширилади?

Apple iOS

Агар қурилмангиз iPhone бўлса, унда ҳаммаси осон: бир вақтнинг ўзида «Home» тугмасини (экран остидаги думалоқ тугмани) ва смартфонни блоклаш тугмачасини (гаджетнинг тепасида жойлашган) биргаликда босасиз – скриншот тайёр! Бу сурат камера орқали туширилган расмларнинг сақланиш жойи – «Фотопленка» альбомига сақланади.

Android

Одатда Android-смартфонларда қурилмани ўчириб-ёқиш тугмачаси ва овозни пасайтириш тугмачасини бир вақтда босиш орқали скриншот олинади. Бироқ айрим ишлаб чиқарувчилар бошқалардан ажралиб туриш учунми, мазкур функция учун бошқачароқ йўлларни танлашган.

Масалан, Samsung маҳсулотларида смартфонни ўчириб-ёқиш тугмачаси билан бир вақтда «Уйга» («Домой»/«Home») тугмачасини босиш орқали экранни суратга олиш мумкин.

Баъзи қурилмаларда скриншот олиш учун муайян қўл ҳаракатлари қилиш керак. Масалан, Galaxy S6 моделида шунчаки қўлни силташ орқали экрандаги сурат сақлаб қўйилади. ZTE қурилмаларида эса бунинг учун экран бўйлаб учта бармоқ билан силаш керак; бунда олинган суратни шу ернинг ўзидаёқ таҳрирлаш ҳам мумкин бўлади.

Sony бўлса скриншот олиш имкониятларини янада кўпайтирган: тугмачаларни бараварига босишдек одатий усулдан ташқари, унинг қурилмаларида яна бир имконият бор. Яъни, «Уйга» (айрим моделларида эса ўчириб-ёқиш) тугмачасини сал вақт босиб туриш, экранга чиққан меню ойначасида «Снимок экрана»ни танлаш мумкин.

Буям ҳали ҳаммаси эмас: Google Play’да скриншот олишга мўлжаланган ўнлаб мини-иловалар мавжудки, улар орасидан бирортасини танлаб, ўрнатиб олсангиз ҳам бўлади.

Windows Phone

Windows Phone’да ишлайдиган смартфонларда экранни суратга олишнинг иккита усули мавжуд. Улардан қай бири ишлаши эса қурилмадаги ўрнатилган операцион тизимнинг версиясига боғлиқ. Биринчиси – Windows тугмачаси (экран остидаги ўрта тугмача) ҳамда смартфонни блоклаш тугмачасини биргаликда босиш усули. Иккинчиси эса – блоклаш тугмачаси билан овозни кўтариш тугмачасини баравар босиш йўли.

Агар бу иккала усулдан бирортаси ишламай қолса (баъзан бунақаси ҳам бўлиб туради), у ҳолда OpenScreenShot сингари дастурлар ёрдамида скриншот олиш имкони бор.