Android’ни янгилашни биласизми?

  •   DiMaX
  •  3887
  •  29.01.2017 21:58

Android’ни янгилашни биласизми?

Барча операцион тизимлар қатори, Android ҳам бир жойда тўхтаб турмайди. Унинг ҳар бир янги версияси имкон қадар қулай бўлиши, янги имкониятлар ва функциялар билан бойиши йўлида ишлаб чиқувчилар тинмай меҳнат қилишади. Бу имкониятлар ва функцияларга эга бўлиш учун эса, фойдаланувчилар ўз қурилмаларини янгилашлари лозим бўлади. Қуйида шуни кўриб чиқсак.

Автоматик янгиланиш

Операцион тизимни янгилаш икки хил усулда амалга оширилади – автоматик янгиланиш ҳамда фойдаланувчининг ўзи уни янгилаши. Барча Android-қурилмаларда дастлаб автоматик янгиланиш функцияси ёқиб қўйилган бўлади.

Android’нинг сизнинг қурилмангизга мос тушадиган янги версияси чиқиши билан сизга бу ҳақда билдиришнома (интернет орқали) келади. Янгилаш учун «Обновить» тугмачасини боссангиз кифоя, фақат бу жараён якунига етгунича бир неча дақиқа гаджетингизни ишлатишга шошилмай турасиз. Шунингдек, бу пайтда батарея қуввати ҳам тугаб қолмайдиган даражада бўлгани маъқул.

«Қўлда» янгилаш

Одатда кўпчилик фойдаланувчилар трафикни тежаш мақсадида ўз қурилмаларида автоматик янгиланиш функциясини ўчириб қўядилар. Бундай ҳолларда, қурилмангизга мос тушадиган Android версиясини ўзингиз ўрнатишингизга тўғри келади.

Тизимнинг тегишли янгиланишлари чиққанини аниқлаш учун, дастлаб «Настройки» менюси орқали гаджетимизнинг созламаларига кирамиз.

У ерда қурилма ҳақидаги маълумотларни акс эттирувчи «Об устройстве» бўлимига ўтамиз.

Энди операцион тизимни янгилаш учун «Обновление системы»ни босамиз (интернет ёқиқ бўлиши керак).

Бунда қурилма ўзи янгиланишлар сервери билан боғланиб, операцион тизимнинг янги версияси чиққан бўлса кўрсатади. Биз эса «Перезапустить и установить»ни босишимиз қолади, холос.

Бир неча дақиқа ичида смартфон ёки планшетимиз Android’нинг ўзига мос тушадиган янги версиясигача янгиланиб олади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.