Android учун энг яхши мутолаа иловалари

  •   DiMaX
  •  4613
  •  25.04.2017 11:40

Android учун энг яхши мутолаа иловалари

«Ҳозирда ҳамма телефонга қизиқиб кетган, ёшлар китоб ўқимай қўйди…» қабилидаги гапларни кўп эшитамиз. Аммо шу телефоннинг ўзида ҳам электрон китобларни мутолаа қилиш имкони борлигига негадир кўпчилик аҳамият бермайди.

Бугун Android тизимидаги қурилмаларда электрон китоблар мутолааси учун ишлаб чиқилган бешта энг яхши дастур билан таништирамиз.

1. FbReader

Android учун энг яхши ўқигич. У яратилганидан буён кўп паст-баландликларга дуч келди, имкон қадар барча функцияларни ўзлаштирди ва анча-мунча ихлосмандлар тўплади.

Электрон китобларнинг асосий форматларини (ePub, fb2, DjVu ва mobi) ҳамда бошқа кенг тарқалган матнли файлларни (rtf, doc, html, txt, pdf), шунингдек, ZIP-архивларни ўқий олади.

Фойдаланувчи унинг тунги режимидан, тармоқдаги кутубхонасидан фойдаланиши мумкин. Яна унда шаринг (ижтимоий тармоқларда улашиш) функцияси ва бошқа кўплаб плагинлар мавжуд. Тез ишлайди ва мутолаага жуда қулай.

Асосий афзалликлари:

  • Тармоқдаги кутубхона
  • Китобларни «булутда» сақлаш имкони
  • Қўшимча плагинлар
  • Тунги режим
  • Юқори тезликда ишлаш

Ушбу иловани мана бу ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.

2. Moon Reader

Жуда кўп созламаларга эга ҳамда ўта кўп функцияли мутолаа иловаси. Унда ҳамма нарсани ўзингизга мослаб созласангиз бўлади – шрифт ўлчамидан тортиб, имо-ишоралар билан бошқаришгача. Дастурнинг турли функцияларига тезкор кириш тугмачалари мавжуд.

Рақамли матн форматларининг ҳар хил турларини қўллаб-қувватлайди: TXT, HTML, EPUB, PDF, MOBI, FB2, UMD, CHM, CBR, CBZ, RAR, ZIP ва OPDS. Яна, экран шрифтларининг услубини ўзгартириш имконияти ҳам қўшилган.

Бир сўз билан айтганда, Moon Reader ўз фойдаланувчиларига имкон қадар қулай мутолаа учун ҳамма шароитларни яратиб беришга интилаётир. Фақат унинг барча имкониятларидан фойдаланиш учун олдин сал вақт сарфлаб, ўрганиб олиш керак бўлади.

Асосий афзалликлари:

  • Қулай интерфейс
  • Варақлашнинг 5 та режими
  • Аввалдан ўрнатилган 10 та мавзу
  • Кўзлар чарчашини камайтириш режими
  • Статистика

Дастурни Google Play’дан мана бу ҳавола орқали юклаб олинг.

3. Cool Reader

Илованинг асосий афзалликлари – чиройли китоб жавони, doc форматли файлларни қулай ўқиш имкони ва онлайн китоб каталогларини қўллаб-қувватлаши. Шунингдек, Cool Reader’да смартфоннинг файл тизими бўйлаб осон навигация функцияси ҳам бор.

Умуман олганда, бу – Android учун стандарт мутолаа дастури, у электрон китобларнинг энг кенг тарқалган форматларини ўқий олади: fb2, epub (DRM’сиз), txt, doc, rtf, html, chm, tcr, pdb, prc, mobi (DRM’сиз) ва pml.

Дастур тизимга сукут бўйича ўрнатилган TTS движогидан фойдаланган ҳолда, китобни овоз чиқариб ўқий олади. Шунингдек, унда тунги мутолаа режими, матн бўйлаб излаш ва хатчўп (закладка) функциялари мавжуд. Ягона жиддий камчилиги – унда китобларни қулай тахлаш (каталоглаштириш) функцияси йўқ.

Асосий афзалликлари:

  • FB2 форматини тўлиқ қўллаб-қувватлаш
  • Луғатларни қўллаб-қувватлаш
  • Овоз чиқариб ўқиш
  • Ўзига ўрнатилган файллар браузери

Cool Reader’ни мана бу ҳавола орқали кўчириб олиш мумкин.

4. Alreader

Мазкур илованинг илк версиялари ҳали Windows Mobile’даёқ бор эди, энди эса Android учун ҳам ишлаб чиқилган. Ишлаб чиқувчиларнинг фикрича, Alreader – бадиий адабиётларни қулай ўқиш учун энг мақбул ечим.

Дастур кўплаб матн форматларини танийди: fb2, fb3, fbz, txt, epub (DRM’сиз), html, doc, docx, odt, rtf, mobi (DRM’сиз), prc (PalmDoc), tcr. Булардан ташқари, у ZIP ва GZ архивлари билан ҳам ишлай олади.

Агарда «спартанча» интерфейси сизни чўчитмаса, ушбу ўқигич яхши ҳамроҳингизга айланиши мумкин.

Асосий афзалликлари:

  • Тармоқдаги кутубхона
  • Қўшимча плагинлар
  • Тунги режим
  • Юқори тезликда ишлаш

Дастурни Google Play дўконидан ушбу ҳавола орқали юклаб олса бўлади.

5. eReader Prestigio

Android учун мутолаа дастурлари орасида ёшроғи. Аммо интерфейсининг дизайни, ҳатто тажрибасиз фойдаланувчиларга ҳам тушунарли созламалари ва жуда кўплаб форматларни ўқий олиши билан кўпчиликка манзур бўлмоқда.

Иловада «булутли» синхронлаш, овоз чиқариб ўқиш функциялари, китоблар интернет-дўкони ва ўзининг файл-менежери бор. eReader Prestigio’ни ўрнатиб олсангиз, eBooks.PrestigioPlaza.com дўконидаги 25 тилдаги 50000 дан ошиқ электрон китобларга тўғридан-тўғри улана оласиз.

Китобларни интеллектуал излаш функцияси эса, битта тугмачани босиш орқали қурилмангиздаги барча қўллаб-қувватланувчи китобларни топишга ёрдам беради. Энг асосийси – eReader тез ва қулай ишлайди! Бу – Android учун энг чиройли мутолаа иловаси.

Асосий афзалликлари:

  • Аъло дизайн
  • «Булутли» синхронлаш
  • Тунги режим
  • Овоз чиқариб ўқиш
  • Ўзига ўрнатилган файллар браузери

Мутолаа дастурини мана бу ҳавола орқали кўчириб олиш мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!