Android ўрнига Fuchsia OS’ни кутиб олинг! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1982
  •  10.05.2017 09:41

Android ўрнига Fuchsia OS’ни кутиб олинг! (+видео)

Google компанияси келажак смартфон ва планшетларига ўрнатилувчи янги операцион тизимини яратмоқда.

Google’дагилар янги мобил операцион тизим устида иш олиб бораётганлиги ҳақидаги хабарлар бир неча ой аввал пайдо бўлган эди. Ўшанда маълум бўлгани шу эдики, янги тизим Fuchsia OS деб номланади ва, Android’дан фарқли равишда, унда Linux кодидан фойдаланмайдиган янги ядро қўлланади.

Энди эса, интернетда Google’нинг сирли ишланмаси тўғрисида қўшимча маълумотлар ҳам тарқалди. Маълум бўлишича, аввало, Fuchsia OS – нафақат ядро, балки буткул янгича график қобиқ ҳамдир. Унга ҳозирча Armadillo деб ном берилмоқда. Мана, қуйидаги кичкина видеолавҳада унинг ташқи кўриниши ва ишлаши намойиш этилган:

Кўриниб турибдики, бу ҳали Fuchsia OS’нинг тест версияси ҳам эмас, шу боис, унинг якуний дизайни ва функционаллиги бундан фарқланиши мумкин. Аммо, афтидан, Google’чилар барча чет иловаларни орқа планга ўтказиб, асосий эътиборни ўз сервисларига қаратишмоқчи.

Фойдаланувчи интерфейси вертикал йўналишда сурилувчи асосий экранга асосланган; унда янгиликлар, хариталар, суратлар, об-ҳаво маълумотлари ва компаниянинг бошқа сервислари карточкалари жойлашган. Унинг кўриниши ва ишлаши смартфон устидан тўлиқ назоратни эгаллаб олган Google Now’га ўхшаб кетади.

Янги операцион тизимнинг қизиқарли ўзига хосликларидан бири – кўп ойнали режимда ишлай олишидир. Маълумотларга кўра, экранни нафақат ҳозирги Android Nougat версиясидаги сингари иккита қисмга, балки ўзингизга қулай бўлган хоҳлаганча қисмларга бўлса бўлади. Шу тариқа, Fuchsia OS планшетларда, ҳатто ноутбукларда ҳам ишлашга ажойиб тарзда мослашган тизим бўлади.

Янги тизим хусусида юқорида санаб ўтилган барча маълумотлар ҳозирча аниқ тасдиқланган эмас, улар Fuchsia OS ҳақида фақат умумий таассуротнигина бера олади. Умид қиламизки, Google компанияси яқин орада у ҳақдаги аниқ маълумотларни тақдим этади. Нима бўлганда ҳам, янги операцион тизимнинг якуний релизи чиқишигача ҳали вақт бор.

Унгача эса биздан узоқлашманг – бу хусусдаги маълумотлар чиқиши билан сизга маълум қиламиз!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.