Apple асосчиси Стив Возняк 2075 йилда корпорация тақдири нима бўлишини айтди

Apple асосчиси Стив Возняк 2075 йилда корпорация тақдири нима бўлишини айтди

Бу ҳафтада Калифорнияда ComicCon конференцияси бўлиб ўтади. Ундаги бош мавзу «Инсоният келажаги: 2075 йилда биз нималарга эришамиз?» Конференцияда Apple асосчиларидан бири Стив Возняк ҳам иштирок этади. USA Today нашри билан мавзуга оид суҳбатда Стив Apple, Google ва Facebook каби компанияларини келажакда нима кутаётгани юзасидан фикрларини баён қилди.

Вознякнинг маълум қилишича, Apple корпорациясининг молиявий имконияти айни дамда шу қадар улканки, унга ҳеч нарса хавф сола олмайди ва Купертино гиганти ниҳоясиз равишда тараққий этади. Apple ҳозир ҳам, келажакда ҳам ўзига қулай бўлган ҳар қандай соҳага пул тикишга қодир бўлади.

«Apple жуда узоқ вақт мавжуд бўлади, — дейди муҳандис. — 1911 йилда асос солинган IBM каби. Apple’нинг бойлигини кўринг (тахминан $246 млрд). Бунинг ёрдамида корпорация ўзи қўл урган соҳада муваффақият қозонади. Худди шунингдек, Google ва Facebook ҳам».

Возняк технологик тараққиётни олдиндан кўра олиши билан танилган. Муҳандис 1982 йилда блокнот катталигидаги шахсий компьютерларнинг яратилишини башорат қилган эди. Шунингдек, Стив Возняк 58 йилдан сўнгги ҳаёт ҳақида ҳам ўзининг қарашларига эга.

Технологик тараққиёт хусусида тўхталиб, Возняк 2075 йилда шифокорлар ўрнини ташхис қўйиб, дори-дармон ёзиб беришга қодир сунъий ақл технологияси эгаллашини айтмоқда. Шунингдек, биз яшаётган сайёра қиёфаси ўзгариб, ярим асрдан сўнг чўл-саҳролар ўрнида ҳам йирик-йирик шаҳарлар бунёд этилади ва Ерда жой танқислигининг олди олинади. Инсон атрофидаги барча буюмлар сунъий ақл ёрдамида бошқарилади.

Марс 2075 йилга келиб эгалланади ва оғир саноат ишлаб чиқариладиган ҳудудга айлантирилади. Ўзга сайёраликлар билан алоқа қилишга эса жаноб Воз шубҳа билан қарайди. Возняк бу шахсий қарашлари эканини, бугунги инсоният тарихи ҳар сонияда кутилмаган йирик ўзгаришларга тўла бўлишини ҳам қўшиб қўйди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.