АҚШда сотилган арзон Android смартфонлар шахсий маълумотларни Хитойга жўнатиб турган

АҚШда сотилган арзон Android смартфонлар шахсий маълумотларни Хитойга жўнатиб турган

Tech Crunch сайтининг ахборот хавфсизлигига ихтисослашган Kryptowire фирмасига таяниб маълум қилишича, АҚШ ҳудудида сотилган Blu маркасидаги баъзи арзон Android смартфонлар фойдаланувчиларга тегишли шахсий маълумотларни махфий тарзда Хитойдаги ахборот тўплаш марказига юбориб турган. Хитойнинг Blu бренди АҚШда очиқ бозорга мўлжалланган арзон моделлар сотиш бўйича етакчилик қилади. Смартфонга ўрнатилган махсус илова бир қатор форматдаги маълумотлар, жумладан, матнли хабарлар, қўнғироқлар журнали ва контактлар тўғрисидаги ахборотларни йиғиб, уларни Хитойдаги серверларга юборган.

Бундай муаммо Blu R1 HD, Energy X Plus 2, Studio Touch, Advance 4.0 L2, Neo XL ва Energy Diamond каби моделларда аниқланган. Смартфонлардан юборилган маълумотларни қабул қилган Хитойнинг Adups компаниясининг маълум қилишича, Kryptowire улар билан боғланиб муаммо тўғрисида хабар бергач, сервердаги барча фойдаланувчиларга тегишли ахборотлар ўчириб ташланган. Blu ўз навбатида дастурдаги ушбу “носозлик”ни бартараф этгани ҳақида баёнот берди.