Ахборот технологиялари вазирлиги 5151 та мурожаатни қабул қилди

Ахборот технологиялари вазирлиги 5151 та мурожаатни қабул қилди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳаси мамлакатимизда энг йирик аудиторияга хизмат кўрсатувчи тизимлардан бири ҳисобланади. Жумладан, 21,5 миллион нафар мобил алоқа, 16 миллион нафар интернет, почта ва рақамли телевидение, симли телефон алоқаси фойдаланувчиларига сифатли хизмат кўрсатиш, истеъмолчилар билан яқиндан ишлаш соҳа олдидаги долзарб вазифа. Бу тўғрида вазирлик сайтида хабар қилинмоқда.

Табиийки, у ёки бу хизмат бўйича фойдаланувчилар  кунора соҳага дахлдор муаммо ёки масалага дуч келишади. Жумладан, 2017 йилнинг бошидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 5151 та фуқаро мурожаатлари келиб тушган. Улардан 4500 та мурожаат қайта ишланган, фуқароларни қийнаётган масала ва муаммолар яқиндан ўрганилиб ҳал қилинган. Шунингдек, айни пайтда 250 та мурожаат  ўрганиш жараёнида турибди. Вазир ва вазир ўринбосарлари томонидан 8 та вилоятда cайёр қабуллар ўтказилиб, 85 тадан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг масалалари қабуллар чоғида кўриб чиқилди.

Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, мурожаатларнинг 3858 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, 920 та мурожаат Вазир виртуал қабулхонаси, 320 таси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали, 53 таси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ишонч телефони орқали келиб тушган.

Вазирлик ҳудудларда аҳолини қийнаётган масала ва тизимда мавжуд камчиликларни бартараф қилишда муаммоларнинг жойларда ҳал қилинишига диққатини қаратмоқда. Хусусан, ҳудудларда Халқ қабулхоналарининг  ташкил қилиниши эвазига мурожаатлар улар орқали тўғридан-тўғри соҳа корхоналарига келиб тушмоқда. Бу мурожаатлар билан ишлаш тизимини самарали ташкил қилиниши соҳанинг ҳудудларда фаолият кўрсатаётган раҳбар ва масъул ходимларининг билим-кўникмасига дахлдор.

Шу муносабат билан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўз тизимидаги муассасаларнинг ҳудудий бўлинмалари учун қабул қилинаётган мурожаатлар, жумладан Халқ қабулхоналари орқали келиб тушаётган мурожаатлар билан самарали ишлашни ташкил қилишга бағишланган ўқув-семинарларни ташкил этмоқда.

Хусусан, 12-15 июнда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида ўтказилган ўқувларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига энг устувор масала сифатида ёндашиш ва доимий назоратга олиш зарурлиги қайд этилди.

Тақдимотларда ариза ва шикоятларнинг қабул қилинишидан бошлаб, уларга жавоб йўллашгача бўлган жараённинг босқичлари ва ташкил қилиниши, техник ва ҳуқуқий талаблари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Ҳар бир раҳбар ва масъул ходимга фуқаро мурожаатларини амалий таҳлил қилиш, мазмун-моҳиятини пухта англаган ҳолда уларга асосли ечим топиш, шунингдек энг кўп дуч келинаётган камчиликларни тизимли бартараф қилиш йўлларини кўриш вазифаси юкланди.

Агар сизни ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси билан боғлиқ бирор масала қийнаётган бўлса, вазирликнинг 8-800-200-41-07 рақамидаги Ишонч телефонига маълум қилинг ёки murojaat.mitc.uz манзили орқали Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирига мурожаат юборинг.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!