Билл Гейтс Microsoft раҳбарлигидан кетди

Билл Гейтс Microsoft раҳбарлигидан кетди

Microsoft компанияси ҳамасосчиси Билл Гейтс филантропик фаолиятга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадида компаниянинг директорлар кенгашини тарк этди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.

Миллиардер бутун дунё аҳолиси саломатлиги ва ривожланиши, таълим ҳамда иқлим ўзгариши масалаларига эътибор қаратмоқчи.

65 ёшли Гейтс Уоррен Баффетнинг Berkshire Hattaway холдинг компанияси директорлар кенгашини ҳам тарк этди. Техногигант асосчиси 2008 йилда Microsoft'нинг кунлик бошқарувидаги фаолиятини тўхтатган эди.

Ҳозирги қарорига тўхталар экан, Гейтс Microsoft ҳар доим у учун муҳим бўлгани ҳамда унинг бошқарувига ҳисса қўшишда давом этишини таъкидлаб, қуйидагиларни айтиб ўтди:

«Навбатдаги ушбу босқични мен ўзим учун энг муҳим бўлган дўстларим ва ҳамкорларим билан алоқани сақлаб қолиш учун имкон сифатида биламан. Мени жуда ҳам фахрлантирувчи икки компанияга ўз ҳиссамни қўшишда давом этган ҳолда асосий эътиборимни дунёнинг энг мураккаб муаммоларига қаратмоқчиман».

Forbes Билл Гейтсни Amazon асосчиси Жефф Безосдан кейинги дунёнинг иккинчи энг бой одами, деб эълон қилган. Унинг бойлиги 103.6 миллиард доллар деб тахмин қилинади. Гейтс бу даромадларини шахсий компьютерлар учун дастурий таъминот яратиш орқали қўлга киритган.

Гарвард университетида ўқиб юрган талаба Гейтс ўқишни ташлаб, ёшликдаги дўсти Пол Аллен билан биргаликда Microsoft'га асос солиш учун Нью-мексико штатининг Альбукерке шаҳрига кўчиб келади.

MS-DOS деб номланган операцион тизимни яратиш учун 1980 йилда IBM билан тузилган шартнома икки ёш дастурчи учун улкан бурилиш бўлди.

1986 йилга келиб Microsoft акцияларини сота бошлади ва орадан бир йил ўтгач 31 ёшли Билл Гейтс дунёнинг энг ёш миллиардерига айланди.

2004 йилдан бошлаб Гейтс Berkshire компанияси директорлар кенгаши аъзоси бўлиб келганди, лекин охирги йилларда асосий вақтини турмуш ўртоғи билан биргаликда асос солган Билл & Мелинда Гатес Фоундатион фондига сарфлаб келаётганди.

Ушбу фондга 2017 йида 4.8 миллиард доллар хайрия қилганидан сўнг жуфтлик 2018 йилда Филантропия Хроникаси томонидан АҚШнинг энг сахий филантроплари, деб эълон қилинган.

ЎҚИНГ: Microsoft ҳақида қизиқарли 12 факт