Бизда қишлоқ аҳолиси аранг 3G ишлатаётган бир пайтда, Ойда ...

Бизда қишлоқ аҳолиси аранг 3G ишлатаётган бир пайтда, Ойда ...

Ердаги телекоммуникация операторлари ўртасидаги рақобат ўта кучли бўлган бир пайтда, мобил ускуналар ишлаб чиқарувчи Nokia компанияси ўз хизмат қамровини янги бозорга кенгайтираётганини маълум қилди. Гап шундаки, Nokia Ойга илк мобил алоқа тармоғини ўрнатиш имконига эга бўлди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Хитойликларнинг Ойдаги деҳқончилиги касод бўлди – ҳаммаси музлаб қолди!

Фин компаниясининг маълум қилишича, НАСА уни «ўта компакт, паст қувватда ишловчи, радиациядан ҳимояланган» симсиз 4G тармоғини Ой юзасига ўрнатиш учун ҳамкор сифатида танлаган. АҚШ Космик агентлиги 2030 йилга қадар Ойда одамзотнинг узоқ муддат истиқомат қилишига эришишни режа қилган. Ушбу ҳаракатлар айнан мана шу режанинг бир қисми ўлароқ амалга оширилмоқда.

НАСА ва Nokia ўртасида имзоланган 14.1 миллион долларлик шартнома пули Nokia'нинг АҚШдаги филиалига тақдим қилинган. Таъкидлаш керакки, ушбу келишув НАСАнинг Artemis дастурининг бир қисми ҳамдир. Дастурга кўра, 2024 йилга қадар Ойга илк аёл ва навбатдаги эркак космонавтни юбориш мақсад қилинган.

Космонавтлар муфассал тажриба ва ўрганиш ишларини олиб боради. Агентликнинг умид қилишича, олинган натижалар, шунингдек, инсониятнинг Марсга бўлган илк миссиясини амалга оширишда ҳам қўл келади.

Nokia'нинг тармоқ ускуналари ой бункеридан фойдаланган ҳолда Ой юзасига масофадан туриб ўрнатилади. Бункер Intuitive Machines томонидан 2022 йил охирларида ишлаб чиқарилади.

«Қурилиб бўлгач, тармоқ ўз-ўзини конфигурация қилади», дейилади компания ҳисоботида. Бунга қўшимча равишда таъкидланишича, симсиз технология “ўта муҳим бошқарув ва назорат функциялари, ой «луноход»ларни масофадан бошқариш, реал вақт режимида навигация қилиш ҳамда юқори аниқликдаги видео стриминги” имкониятларини яратади.

Nokia'нинг яна қўшимча қилишича, келажакда Ойдаги 4G тармоғи ўрнига 5G антенналари ўрнатилиши ҳам мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бундан беш ой олдин Эверест тоғига ҳам 5G антеннаси ўрнатилганди. Марказий Осиёда эса фақат Тожикистонда ягона 5G антеннаси мавжуд.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон интернет эркинлиги рейтингида сўнгги ўнликдан жой олди