Бултурги Samsung флагманининг эксклюзив талқини тайёр!

  •   DiMaX
  •  1164
  •  08.05.2018 17:49

Бултурги Samsung флагманининг эксклюзив талқини тайёр!

Жанубий кореялик техногигантнинг ҳали тақдим этилмаган Galaxy S8 Lite смартфони куни кеча TENAA сайтида рўйхатга олинди. Биз мазкур қурилма ҳақида айрим маълумотларни аввалроқ эълон қилган эдик.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy S8 Lite ҳамда Galaxy A8 Star смартфонлари тақдимотга тайёр

Geekbench бенчмарки маълумотларига кўра, Galaxy S8 Lite модели саккизта ядроли Snapdragon 660 процессорига таянади. У 4 гигабайтлик тезкор хотира билан, Android 8.0 Oreo тизим талқини бошқарувида ишлайди.

Энди эса TENAA сайти базасида мазкур моделнинг суратлари ҳам эълон қилинди:

Galaxy S8 Lite смартфони 5,8 дюймлик, 2220х1080 пикселли экранга эга бўлади. Айтиб ўтиш керакки, оригинал Galaxy S8 экрани ҳам худди шундай ўлчамда, фақат унинг пикселлар сиғими 2960х1440 ни ташкил этади. Камера жиҳатидан эса S8 Lite модели устунроқ ҳам – у нақ 16 мегапикселли датчикка эга (оригинал Galaxy S8 камераси эса 12 мегапикселли). Бироқ янги – S8 Lite қурилмасида пульсни ўлчовчи датчик йўқ.

ЎҚИНГ: Samsung ҳамёнбоп, аммо флагманча экранли Galaxy J6 смартфонини эълон қилди

Samsung ушбу янги гаджетини 3000 мА/соатлик аккумулятор, 8 мегапикселли селфи-камера, 64 гигабайтлик флеш-хотира ва Bixby тугмачаси билан таъминлаган.

Ўринли савол туғилади: бозорга аллақачон Galaxy S9 авлоди флагманлари ҳам чиқарилганидан кейин, ўтган йилги S8 моделининг «соддалаштирилган» версиясини чиқаришдан нима фойда? Унинг ўрнига биратўла S9 Lite моделини ишлаб чиққан яхши эмасмиди?

Бироқ бунинг асосли жавоби бор. Афтидан, жанубий кореялик корпорация ихтиёрида S8 флагмани учун ишлаб чиқарилган, аммо сифати аъло бўлмаган ортиқча деталлар тўпланиб қолган. Шу моделнинг нисбатан арзон версиясини чиқариб, Samsung компанияси ҳам омборларини ортиқча юкдан халос этади, ҳам мутлақо яп-янги моделни лойиҳалаштириш учун маблағ ажратиб ўтирмайди.

Гарчи Galaxy S8 Lite тақдимот санаси, нархи ва бошқа жиҳатлари тўлиқ маълум бўлмаса-да, унинг бошқа смартфонлари, жумладан, бу йилги Galaxy S9 ҳамда S9+ флагманлари ҳам юртимизда расмий кафолат билан савдога чиқарилган.

ЎҚИНГ: Samsung смартфонлари нархлари – харидингиз Ўзбекистон бўйлаб БЕПУЛ етказиб берилади (2018 йил 7 май)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!