Cisco: 2020 йилда мобиль алоқа тармоқларига уланиш тезлиги 3.2 маротабага ошади

Cisco: 2020 йилда мобиль алоқа тармоқларига уланиш тезлиги 3.2 маротабага ошади

Ахборот-коммуникация технологиялари ва тармоқларини ишлаб чиқиш, тадқиқот ва илмий лойиҳаларни ташкил этиш соҳасида жаҳоннинг еткачи компанияси – Cisco 2016 йилнинг 1 февраль куни 2015-2020 йилларда Халқаро “Визуаль тармоқ технологияларининг ўсиш кўрсаткичлари”га оид навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

Унга кўра, 2020 йилга келиб жаҳондаги мобиль алоқа фойдаланувчилари сони 5.5 миллиард нафарга етар экан. 2015 йилда тақдим этилган ҳисоботда бу кўрсаткич 4.8 миллиардни ташкил қилган. Яъни, Ер аҳолисининг 70 фоизи алоқа воситаларидан фойдаланиш имконига эга бўлади.

Алоқа тармоқларидан фойдаланилаётган қурилмаларнинг 72 фоизини “ақлли” қурилмалар (бугунги кунда 36 %) ташкил қилади. Яъни мобиль алоқа воситалари орқали алмашилинадиган маълумотларнинг 98 фоизи “ақлли” қурилмалар ёрдамида амалга оширилади.

Буларнинг 81 фоизи эса смартфонлар ҳиссасига тўғри келади. Ўшанда фойдаланилаётган, ҳозир оммалашаётган смаршет (смартфон ва планшет гибриди) сони 5.4 миллиардга етади. Ваҳоланки, у даврда дунёда электрдан фойдаланиш имконига эга кишилар сони 5.3 миллиард, водопровод орқали ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга одамлар сони 3.5 миллиардга, автомобилга эга кишилар сони эса 2.8 миллиардга етган бўлади.

Шунингдек, 2020 йилда халқаро миқёсда алоқа тармоқларига уланган қурилмалар сони 11.6 миллиардга етади ва бу 2015 йилги кўрсаткичларга нисбатан 4 миллиард донага кўп дегани.

2020 йилда мобиль қурилмаларнинг алоқа тармоқларига уланиш тезлиги бугунга нисбатан ўртача 3.2 маротабага, яъни ҳар сониясига 2.0 Мбит.дан 6.5 Мбит.га   ошади. Шу билан бирга, 2020 йилда глобал мобиль қурилмаларининг IP траффиги, яъни ахборот ҳажми бугунги 44 экзабайтдан 367 экзабайтга кўпаяди. Бу 2010 йилга қараганда 120 баробар кўп дегани. Изоҳ берадиган бўлсак, 1 экзабайт 1 миллиард гигабайт ахборот ҳажмига тенг.

Бу ҳар йили Ер аҳолиси томонидан 81 триллион дона тасвир ёки дунёдаги ҳар бир киши бошига кунига 28 та сурат алмашилинади дегани.  Ёки бу – мобиль алоқа тармоқларига бир йилда 7 триллионта видеоклип юкланишини ва сайёрамиздаги ҳар бир киши бошига кунига 2.5 та клип тўғри келишини англатади.

Мобиль видео иловалари барча иловалар орасида етакчиликка чиқади. Яъни, бу тармоқдаги ахборотларнинг 75 фоизини видеолар ташкил қилади.

2018 йилга келиб, 4G алоқа тармоғи абонентлари сони 2G’никидан, 2020 йилда эса 3G’никидан ошиб кетади. 2020 йилда мобиль алоқа орқали алмашилинадиган маълумотларнинг 70 фоизи 4G тармоғида амалга оширилади. Бошқа тармоқлар орқали алмашилинадиган маълумотлар ҳажми 6 баробарга кўпаяди.

Жаҳон миқёсида Wi-Fi ҳудудлари хонадонларни қўшиб ҳисоблаганда 7 маротабага, яъни 64 миллиондан 432 миллионга кўпаяди. 38,1 экзабайт маълумот Wi-Fi технологияси ёрдамида юкланади.

Cisco VNI ҳисоботи ахборот-коммуникация технологияларининг етакчи эксперт ва аналитиклари томонидан ўтказилган кўп йиллик тадқиқот ва кузатувларга асосланган.

Юқори технологиялар яратишга ихтисослашган Cisco компаниясига 1984 йилда асос солинган. Компания IP-телефония маҳсулотлари, тармоқ хавфсизлиги учун восита ва дастурлар, DSL ва модем технологиялари, тармоқларни бошқариш учун тизимларни ишлаб чиқаради.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!