Диққат: энг зарарли смартфонлар аниқланди

  •   DiMaX
  •  10581
  •  29.04.2017 12:33

Диққат: энг зарарли смартфонлар аниқланди

Француз мутахассислари Samsung смартфонлари Apple’никилардан устунроқ эканини исботлашди. Улар тажрибада гаджетлар чиқарадиган электромагнит тўлқинларини ўлчаб кўришди. Тадқиқот натижаларига кўра, Galaxy моделлари iPhone’ларга қараганда анча хавфсиз экан. Нурланишнинг энг юқори даражаси эса HTC One моделига тегишли бўлиб чиқди.

Бутун дунёда экспертлар бир неча йиллардан буён уяли телефонларнинг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиб келишади, аммо барибир улар якдиллик билан бир фикрга келишмаган. Фақат битта масалада улар ҳамфикрлар: бу девайслар электромагнит тўлқинлари тарқатишади ва шу тўлқинлар қанча кам бўлса – шунча яхши.

CNET нашрининг Франциядаги бўлинмаси шарҳловчилари нурланиш нуқтаи назаридан энг хавфсиз смартфонларни текшириб кўришди. Тадқиқот натижалари 3Dnews порталида эълон қилинди.

Экспертлар энг оммабоп смартфонларни солиштирма ютилиш коэффициенти (Specific Absorption Rate, SAR) бўйича текширувдан ўтказишди. Мазкур кўрсаткич жонли организм томонидан вақт бирлиги мобайнида қабул қилинадиган электромагнит энергияси миқдорини аниқлаб беради ва килограммга ватт бирлигида ўлчанади. Турли мамлакатларда SAR’нинг хавфсиз даражасини аниқловчи ўз меъёрлари мавжуд. Масалан, Европада унинг энг юқори чегараси 2 Вт/кг, Жанубий Кореяда эса – 1,6 Вт/кг қилиб белгиланган.

CNET маълумотларига кўра, электромагнит нурланишининг энг кам даражаси Galaxy Mega моделига тегишли экан, унда SAR 0,142 Вт/кг.га тенг бўлиб чиқди. Apple’нинг iPhone 6 смартфонида эса бу кўрсаткич 0,972 Вт/кг эканлиги аниқланди.

«Олмафон» мазкур кўрсаткич бўйича бир қатор машҳур смартфонлардан ҳам орқада бўлиб чиқди, улар қаторида Samsung Galaxy Note (0,241 Вт/кг) ва Galaxy S6 Edge (0,334 Вт/кг), LG G3 (0,291 Вт/кг), BlackBerry Passport (0,33 Вт/кг) ҳамда HTC Desire 620 (0,362 Вт/кг) ҳам бор.

SAR’нинг энг юқори даражаси эса HTC One Mini 2 моделига мансуб – нақ 1,46 Вт/кг. Зарарлилиги бўйича иккинчи ўринда Nokia Asha 503 (1,43 Вт/кг) бўлса, учинчи ўринни iPhone 5s (0,979 Вт/кг) эгаллади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!