“Электрон ҳукумат”нинг ахборот киосклари Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ўрнатилади

“Электрон ҳукумат”нинг ахборот киосклари Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ўрнатилади

Ўзбекистоннинг барча вилоятларида “Электрон ҳукумат”нинг ахборот киосклари ўрнатилади. Бу ҳақда 16-август куни ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб Daryo.Uz ёзмоқда.

Тадбирда маълум қилинишича, ҳукуматнинг “Ўзбекистон Республикасининг электрон ҳукумат тўғрисидаги Қонуни ижроси бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ягона интерактив давлат хизматлари порталида бир қатор ўзгариш ва янгиликлар жорий этилади.

Жумладан, синов режимида ахборот киосклари ташкил этилиб, интернетдан ёки компютердан фойдаланмайдиган фуқаролар у орқали портал хизматларига мурожаат этиши мумкин. Ахборот киосклари турли жамоат жойларида, шу жумладан, почта бўлимларида, йирик савдо марказларида, ҳокимиятларда, вокзалларда ва аеропортларда пайдо бўлади. 2019-йил охирига қадар республика бўйича 2 мингта ахборот киосклари яратиш кўзда тутилган. Жорий йилда 250 та шундай киоск иш бошлайди.

Ушбу киосклар орқали фуқаролар нафақат порталдаги маълумотларга эга бўлиши, балки рўйхатдан ўтиши ва давлат органларига мурожаатлар йўллаши мумкин бўлади. Шу муносабат билан электрон рақамли имзоларни олиш ва уларни сақлаш борасида ҳам ўзгаришлар амалга оширилади.

“Бугун электрон рақамли имзони кўпчилик фойдаланувчилар ташқи УСБ ташувчиларда сақлайди. Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида жорий йил охиридан синов тартибида Ягона интерактив давлат хизматлари портали фойдаланувчисининг персонал электрон ИД-карталарини киритиш кўзланмоқда. Уларни ахборот киоскига текизиш кифоя — мурожаат этувчи идентификациядан ўтади. Ҳозир кўриб чиқилаётган яна бир имконият булутли сервердаги ягона сақлаш жойидир — у ерда фойдаланувчилар ўз электрон рақамли имзоларининг калитларини сақлаши мумкин бўлади. Ва, албатта, ахборот киосклари фойдаланувчилар флеш-карталардаги электрон рақамли имзоларидан фойдаланишлари мумкин бўлади”, — деди ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Файзуллаев.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, аноним тарзда юборилган мурожаатлар кўриб чиқилмайди. Шу боис портал хизматларидан фойдаланиш учун ҳар бир фуқаро яшаш жойи бўйича давлат солиқ инспексиясига мурожаат этиб, электрон рақамли имзо олиши лозим. Шу тариқа, фуқаро давлат органига бормай туриб унга мурожаат қилиши мумкин.

Порталда жорий этилаётган бошқа янгиликларга тўхталар экан, вазирлик мутахассислари мурожаатларни ишловдан ўтказиш, кўриб чиқиш ва жавоб йўллаш айни пайтда идоравий ва идоралараро ахборот тизимларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилаётганига эътибор қаратди. Бу тизимларнинг ишлатилиши эса, ўз навбатида, мурожаатларни кўриб чиқиш ва уларга жавоб йўллашга сарфланадиган вақтни анча тежайди.

Тадбир давомида, шунингдек, кўрсатилаётган электрон хизматлар сифатини назорат қилиш масаласи кўтарилди. Сифат назорати воситаларидан бири жойлардаги давлат ва хўжалик бошқаруви ва ҳокимият органлари фаолиятини баҳолаб борувчи рейтинг тизими эканлиги таъкидланди. У фойдаланувчиларга вазирлик ёки идоранинг расмий сайтига ҳамда кўрсатилаётган хизматларга 100 баллик шкала бўйича баҳо бериш имконини яратади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!