Электрон почта ҳаёти тугамоқда …ми?

Электрон почта ҳаёти тугамоқда …ми?

MarketingProfs таҳлил-тадқиқот компаниясининг маълум қилишича, дунёда ҳар соатда 122,500,453,020 та электрон хат юборилади. Дунёдаги электрон почта фойдаланувчилари сони 2.586 миллард нафар.

Circle Research тадқиқот маркази томонидан ўтказилган сўровда ҳам 88 фоиз бизнес вакиллари электрон почта тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда самарадорликни оширувчи омил эканини таъкидлашган.

Statista.com халқаро статистика нашрининг январь ойи маълумотларига кўра, WhatsApp (900 млн.), FacebookMessenger (800 млн.), QQ Mobile (860 млн.), WeChat (650 млн.), Skype (300 млн.), Viber (249 млн.), LINE (212 млн.), BlackBerry Messenger (100 млн.), KakaoTalk  (48 млн.) мессенжерлари жаҳондаги оммабоп ҳисобланади.

2016 йилнинг январь ойи маълумотларига қараганда, Google’нинг Gmail почта хизмати фойдаланувчилари 1 миллиард нафар бўлиб, уларнинг 60 фоизга яқини почтани мобиль қурилма ёрдамида текшириб боради.

2016 Microsoft компанияси дунёнинг яна бир оммабоп Hotmail электрон почта хизмати фойдаланувчиларини Outlook.com хизматига ўтказиб, икки хизматни бирлаштирди. Бугун мазкур хизматнинг 400 миллион нафар фаол фойдаланувчиси бор.

Мессенжер иловалар мобиль қурилмаларга асосланган телекоммуникация даврининг энг муҳим алоқа воситасига айланиши электрон почта хизматига бўлган эҳтиёжнинг камайишига сабаб бўлди. Тўғри, бу билан интернет фойдаланувчилари почта саҳифаларидан фойдаланмай қўйдилар, деб бўлмайди. Электрон почтага мурожаат сони қисқарди.

Radicati Group тадқиқот муассасасининг маълум қилишича, 2017 йилга келиб 1.779 миллиард нафар электрон почта фойдаланувчиси почтасидан мобиль қурилмалар орқали фойдалана бошлайди.

App Annie таҳлил ва тадқиқот компанияси томонидан эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, 13 ёшдан 24 ёшгача бўлган замонавий алоқа фойдаланувчилари 45 ва ундан юқори ёшда бўлганлардан 3.5 маротаба кўпроқ мессенжерларда алоқа қилар эканлар. Катта авлод вакиллари эса алоқа қилишда электрон почта, веб-браузер каби компьютер иловалардан фойдаланишни маъқул кўришар экан.

Қўлида смартфон тутмасдан улғайган авлод вакиллари эса мобиль қурилмалардан кўра компьютердан фойдаланишни афзал кўришади. Катта авлод вакиллари мобиль қурималарда асосан веб-браузер иловалардан фойдаланишар экан. Улар мессенжерлардан кўра, электрон почта хизматини кўрсатувчи иловаларда вақтларини ўтказар эканлар.

5 та энг кўп фойдаланиладиган мобиль браузерда 13-24 ёшдаги фойдаланувчилар интернетдаги вақтларининг 12 фоизини сарфлашса, 25-45 ёш ва ундан катта ёшдагилар интернетдаги деярли 16 фоиз вақтларини мазкур иловалардан фойдаланишга сарфлайдилар.

Худди шунингдек, ёшлар энг кўп фойдаланиладиган 5 та электрон почта иловаларига интернетдаги вақтларининг 1 фоизини сарфласа, 25 ёшдан юқори ёшдагиларда бу кўрсаткич 3 фоизгача етади.

SMS ва MMS хат алмашинув иловалари учун ёшлар интернетдаги вақтларининг 8 фоизини, 25-44 ёшдагилар 4 фоизини, 45 ёшдан юқори бўлган фойдаланувчилар 2-3 фоизини сарфлар эканлар.

Кенг имкониятли мобиль алоқа даврининг ўсмирлари бугун ўсиб улғайдилар ва бу ўз-ўзидан мессенжерларга бўлган эҳтиёжнинг ошишига олиб келади. Айни пайтда бугунги йирик ахборот технологиялари компаниялар айни шу йўналишдаги лойиҳаларга кўпроқ диққат қаратишмоқда.

Мисол учун, Facebook ҳам ўзининг Messenger ва WhatsApp ёзишмалар ҳамда маълумот алмашиш иловасини такомиллаштириб, шунчаки суҳбат эмас, балки бизнес ва мижозларни, электрон тижорат вакилларини бир жойга тўплаган платформага айлантиришга уринмоқда.

KakaoTalk, LINE ҳамда WeChat каби Facebook ижтимоий тармоғидан ҳам жадалроқ ривожланаётган мессенжер платформаларнинг ҳам имкониятлари юқорилаб, улар браузерларга қараганда интернетга киришнинг муҳим дарвозасига айланмоқда.

Бугунги ёш авлод ёзишмалар эмас, мобиль қурилмалари ёрдамида видеоалоқа хизматларидан ҳам унумли фойдаланмоқда. Ёшларнинг 5 та энг кўп фойдаланиладиган Android видеоалоқа иловаларидан фойдаланиш даражаси 45 ёшдан юқори авлодникидан 2 маротаба юқори экан. Ҳатто бу иловаларнинг энг ёш фойдаланувчилари видеоалоқа иловаларидан катта ёшли авлоддан 4 маротаба кўп фойдаланади.

Мобиль савдо-сотиқни амалга оширувчи энг кўп фойдаланиладиган Android иловалар эса 25-44 ёшдаги фойдаланувчилар ўртасида оммалашган. Буни уларнинг молиявий мустақил эканликлари билан изоҳлаш мумкин.

Бугун ер юзида 4.35 миллиард электрон почта мавжуд. 2019 йилга келиб бу рақам 5.59 миллиардга етади. Электрон почтадан бугун асосан банк ва мижоз, тадбиркор ва тадбиркор, банк ва бизнесмен ўртасидаги электрон алоқа учун фаол фойдаланилмоқда.

Юқоридаги далил ва маълумотлардан кўриниб турибдики, гарчи, э-почтага эҳтиёж пасайган бўлса ҳам, яқин келажакда электрон почта хизмати батамом йўқолиб кетмайди. У кундалик алоқа қилиш воситаси сифатида мессенжерларга йўл бўшатган бўлса-да, мижозлар ва хизмат кўрсатувчи ўртасидаги муҳим ва ишончли платформа бўлиб қолади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.